Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ислоҳотлар – соҳа ривожининг асоси

Ислоҳотлар – соҳа ривожининг асоси

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида 17 май куни ислом динининг Ҳанафий-Мотуридий талқинига бағишланган халқаро симпозиум бошланди.

Қирғизистон-Туркия Манас университети шафеълигида ўтказилаётган икки кунлик анжуманда мезбон давлатдан ташқари Озарбайжон, Қозоғистон, Туркия, Россия Федерацияси, Афғонистон, Индонезия ва юртимиз вакиллари қаторида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари ҳам иштирок этмоқда.

Элликдан зиёд исломшунос олим, диний идора вакили ва соҳа мутахассиси қатнашаётган нуфузли симпозиумда Марказ бўлим бошлиғи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Шукурилло Умаров “Имом Мотуридий таълимотида ақлий ва нақлий далиллар” ва илмий ходим, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Жонибек Жумаев “Ўзбекистонда Имом Бухорий ва Имом Мотуридий меросининг ўрганилиши” мавзуларида маъруза қилди.

Тадқиқотчилар Ўзбекистонда улуғ алломалар илмий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича амалга оширилаётган салмоқли ишлар, жумладан, уларнинг асарларини таржима қилиш ва нашр этиш, хориж кутубхоналарида сақланаётган китобларини излаб топиш ва нусхасини олиш, шунингдек, хоки мангу қўним топган масканларини ободонлаштириш борасидаги ва бошқа хайрли тадбирлар хусусида маълумот берди. Бундан ташқари, сўнгги йилларда мутафаккирлар илмий меросини халқимиз орасида ҳам кенг тарғиб этиш янги босқичга кўтарилганини қайд этди. Хусусан, ходимлар томонидан Марказ илмий фаолияти натижасида эришилган ютуқлар тилга олиниб, нашр қилинган янги китоблар тақдимот қилинди.

Анжуман иштирокчилари юртимизда бу борада олиб борилаётган изчил ислоҳотлар кенг қулоч ёйиб, диний-маърифий соҳа ривожида муҳим омил бўлганини таъкидлади.

Ташкилотчиларга Марказнинг янги нашрлари тўплами ҳадя қилинди.

Симпозиум 18 май куни якунига етади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказ раҳбари юксак мукофот билан тақдирланди

Мамлакатимизда ўтказилаётган “Халқаро бағрикенглик” ҳафталиги доирасидаги тадбирлар жамиятда бағрикенглик ғояларининг мустаҳкамланиши, турли миллат ва элат …