Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари 4 март куни Хоразм вилоятидаги тарғибот тадбирларини бошлади.
Урганчда шаҳар маъмурияти раҳбарлари, ижтимоий соҳа ходимлари, вилоят ҳокимлиги масъул вакиллари, давлат ташкилотларининг жойлардаги бўлимлари мутасаддилари, маҳалла раислари, ҳудудлардаги ҳоким ёрдамчилари, маҳалла хотин-қизлар фаоллари, диний соҳа олимлари, мактабгача таълим муассасалари мудирлари, умумтаълим мактаблари директорлари ва уларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари иштирокида ўтказилган тадбирда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асраш, алломаларимиз ўлмас меросининг азалий қадриятларимизга мос тарбиявий жиҳатлари ҳақида сўз борди.
Хоразм вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Фахриддин Раззоқов мовароуннаҳрлик мутафаккирлар асарларидаги эзгу ғоялар, уларнинг ёш авлодни миллий қадриятлар ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги беқиёс ўрни хусусида фикр юритди.
Тарғибот гуруҳи аъзолари “Буюк алломаларимиз илмий меросида юксак инсонпарварлик ғоялари тараннуми”, “Ёшларимизни ёт оқимларнинг бузғунчи ғояларидан ҳимоя қилиш” ва “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзуларида маъруза қилди.
Шунингдек, “Жаҳолатга қарши маърифат – асосий мақсадимиз” номли фильм намойиш қилиниб, марказлар томонидан нашр этилган янги китоб ва рисолалар тақдимоти ташкил этилди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати