Қашқадарё вилоятида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази вакилларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан Чироқчи ва Кўкдала туманларида фаолият юритаётган имом-хатиблар, имом ноиблари, маҳалла имомлари ва отинойилар билан учрашув ўтказилди. Унда вилоят ҳокимлигининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича котибияти мутасадди ходимлари, Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоят ҳудудий бошқармаси ва туманлардаги бош мутахассислар ҳам иштирок этди.
Учрашувда вилоятда фаолият олиб бораётган имом ноибларининг билим ва малакасини ошириш, маънавий-маърифий жабҳадаги амалий тадбирларнинг юксак самарадорлигини таъминлаш, соҳа вакиллари ўз фаолияти давомида дуч келадиган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш чоралари билан боғлиқ муҳим масалалар муҳокама этилди.
Сўзга чиққанлар юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, ҳамюртларимиз маърифатини янада юксалтириш борасида қилинаётган хайрли ишлар ҳамда диний расм-русумларни эмин-эркин адо этиши учун яратилган муносиб шарт-шароит ҳақида сўз юритиб, ушбу жабҳа вакиллари олдида турган вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, имом-хатиб ва имом ноиблари лавозимда фарқлансада, бурч ва вазифалари бир хил экани, улар ўзининг савобли, аммо ўта нозик бўлган фаолиятига масъулият билан ёндашиши, садоқат ва фидоийлик билан ишлаши, масжидлар ободлигини таъминлаш ва намозхонларга намунали хизматларни тақдим этишда тенг бўлиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Учрашув давомида ботил ғояларга қарши курашиш, аҳоли билан ишлаш ва мулоқот қилишда эътибор қаратиш лозим жиҳатлар борасида кўплаб амалий таклиф ва тавсиялар берилди.