Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ҲУСАЙН ХОРАЗМИЙНИНГ ТАРИҚАТ ОЛДИДАГИ ХИЗМАТЛАРИ ЭЪТИРОФ ЭТИЛДИ

ҲУСАЙН ХОРАЗМИЙНИНГ ТАРИҚАТ ОЛДИДАГИ ХИЗМАТЛАРИ ЭЪТИРОФ ЭТИЛДИ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон воҳаси маданий бойликлари” туркумида навбатдаги онлайн семинар бўлиб ўтди. Унда Марказ ходимлари, юртимиз ва хориждаги илмий муассасалар тадқиқотчилари,  олимлар иштирок этди.

Семинарда АҚШдаги Ҳофстра университети доценти Элёр Каримов “Маълум ва номаълум “Кубровия” (Ҳусайн Хоразмийнинг Самарқанд вақфига доир материаллари асосида)” мавзусида маъруза қилди.

Маърузачи “Кубровия”нинг келиб чиқиши, ёйилиши, шунингдек, Марказий Осиёдаги етук намояндалари ҳақида тўлиқ маълумот бериб, тариқатнинг ижтимоий, сиёсий ҳамда иқтисодий тарихига оид тадқиқотларда учрайдиган қатор қарама-қаршилик ва камчиликларга алоҳида тўхталди.

Олим тариқатни кенг ёйишдаги ҳаракатлар схемаси, етакчиларнинг ўзаро ёзишмаларини баён этар экан, Темурийлар ҳукмдорининг ваколатли вакили ва маслаҳатчиси Ҳусайн Хоразмий шахсияти, ҳаёти ва фаолиятини ҳам  ёритиб, қатор саволларга ойдинлик киритди. Тадқиқотчининг фикрича, Хоразмийнинг “Самарқанд вақфномаси” асари Ўрта Осиёдаги “Кубровия” тарихининг ҳали номаълум бўлган саҳифаларини янгича ёритиш имконини беради. Ерлар, боғ ва тегирмонлар рўйхати, вақф майдонларидан фойдаланиш шартлари, хонлик вазирларининг таркиби, уларнинг вазифалари ва йиллик молиявий ажратмалари акс этган юксак тарихий аҳамиятга эга мазкур асарда “Кубровия” тариқати саҳиҳлигини сақлаб қолгани кўрсатилган.

Ўрта Осиёнинг, хусусан, ғарбий Хоразмнинг XVI асрдаги бош Кубровий шайхи Камолиддин Ҳусайн Хоразмий (ваф. 958/1551) умрининг сўнгги ўттиз йилида кубровийлик анъанасини мустаҳкамлаб, минтақада юксак сиёсий мавқега эга бўлган. Вафотидан кейин ҳам унинг фаолият самараси деярли ярим аср давомида сақланиб қолган.

Семинар қизғин савол-жавоблар билан давом этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …