Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / ҲАР БИР ТАЛҚИН ИЛМИЙ АСОСГА ЭГА БЎЛИШИ КЕРАК

ҲАР БИР ТАЛҚИН ИЛМИЙ АСОСГА ЭГА БЎЛИШИ КЕРАК

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Мисрдаги Ал-Азҳар университети ҳамкорлигида “Ҳадислар нотўғри талқин қилинишининг олдини олишда Ал-Азҳар уламолари ёндашуви” мавзусида онлайн семинар бўлиб ўтди. Унда Марказ илмий ходимлари, икки мамлакат олий таълим ва илмий муассасалари тадқиқотчилари, олимлар иштирок этди.

Семинарда Ал-Азҳар университети профессори др. Ҳасан Ал-Қасабий маъруза қилди.

Олим “Набавий суннат” тушунчасининг илмий таърифини келтириб, суннатнинг Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал динини ўз ҳаётларида тўлиқ татбиқ қилиб кўрсатган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламнинг гаплари, ишлари, маъқуллашлари, инсоний, хулқий сифатлари ва таржимаи ҳоллари мажмуасидан иборат эканини таъкидлади. Ҳадисларни жамлаш ва ёзиб бориш тарихига батафсил тўхталиб, суннат-ҳадис Расулуллоҳ алайҳиссалом даврларидан бугунгача асл ҳолича, ўзгармасдан етиб келишида мовароуннаҳрлик муҳаддисларнинг улкан ҳиссаси борлигини эътироф этди.

– Бугун айримлар суннат-ҳадисда нуқсонлар мавжудлигини даъво қилиб, фақат Қуръонга суяниб иш тутишини айтади. Ваҳоланки, бу манбаларнинг асоси ягона Аллоҳга бориб тақалади. Шундай экан, ўша адашган кимсалар, аввало, суннат-ҳадис илмига оид истилоҳлар, санадлар, ровийлар тарихини мукаммал ўрганиб, сўнг мулоҳаза қилса, асл ҳақиқатни англаб етган бўларди. Бу борада зийраклик билан эмас, онгсизлик билан иш тутиш янглиш фикрлар пайдо бўлишига олиб келади, – деди Қасабий.

Профессор илмсизликни турларга ажрата туриб, олимликка даъво қилаётганларнинг ҳадис илмида етарлича билимга эга бўлмагани ҳолда одамларни нималаргадир даъват этиб чалғитишини, ўзини хато ва камчилик топгандек тутишини кескин қоралади.

Дарҳақиқат, илм-фаннинг ўзига яраша қоида ва асослари бор. Ўз ихтисосидан бошқа нарсани гапирганнинг фикри асоссиз бўлганидек, суннат-ҳадис тўғрисида бу соҳада моҳир бўлмаганлар сўзласа, уларнинг айтгани инобатга олинмайди.

Ҳадис илми мутахассисларининг асосий вазифаси, аввало, суннат-ҳадисга доир илмларни мукаммал ўрганиб, амал қилиб, мутахассис бўлмаган шахслар томонидан билдирилаётган асоссиз ва ноўрин талқинларга тўғри ва оқилона жавоб қайтаришдан иборат.

Семинар қизғин савол-жавоблар билан давом этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …