Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директор ўринбосари Отабек Муҳаммадиев ва бўлим бошлиғи Мехрожиддин Амонов Туркия Республикаси Денизли шаҳрида бўлиб, Памуккале университети ректори, профессор доктор Аҳмад Қутлихон бошчилигидаги таълим муассасаси раҳбарияти билан учрашди.
Марказ билан университет ўртасида 2022 йил 29 августда ўзаро ҳамкорликка оид имзоланган меморандум асосида қатор қўшма тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. 2022 йил ноябрь ойида университетда “XXI асрда ёшлар ва имон масалалари: тавофутлар” мавзусида ўтказилган Халқаро симпозиум ҳамда Марказ илмий ходимлари учун университетнинг Ислом илмлари институтида ислом тарихи, илмий-тадқиқот ишлари ва методологияси, ақоид ҳамда бошқа илмларга оид жорий қилинган икки ҳафталик малака ошириш дастури шулар жумласидандир.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилиб, қўшма лойиҳалар салмоғини ошириш истиқболлари муҳокама этилди.
Дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашув якунида мезбонларга эсдалик совғалари топширилди.