7 апрель куни “Китоб – камолот калити” халқаро илмий-маърифий китоблар кўргазмаси ўз ишини давом эттирди.
Аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада ривожлантириш, китобхонликни кенг оммалаштириш ва “Китобсевар миллат” умуммиллий ғоясини рўёбга чиқариш мақсадида ташкил этилган бу тадбирда халқаро ташкилотлар, юртимиздаги илмий-тадқиқот марказлари, хорижий ва маҳаллий нашриётлар, таълим муассасалари, таниқли ёзувчилар ва матбаа соҳаси мутахассислари иштирок этди.
Кўргазма доирасида нашриёт ва босмахоналар сўнгги йилларда чоп этган энг сара китоблари тақдимотларини ўтказди.
Тадбирда “Китобсевар миллат” умуммиллий шиори остида таниқли ёзувчи ва ижтимоий фаол блогерлар томонидан давра суҳбатлари уюштирилди, шунингдек, ижодкор ёшлар орасида совринли танловлар ташкил этилди.
Нашриёт ва босмахоналар орасида турли номинациялар бўйича ўтказилган танловлар ғолибларига сертификат ва эсдалик совғалари топширилди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази “Китобхонликни кенг оммалаштириш ҳамда “Китобсевар миллат” умуммиллий ғоясини рўёбга чиқаришга қўшган ҳиссаси учун” ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Шу билан “Китоб – камолот калити” халқаро илмий-маърифий ва бадиий китоблар кўргазма-ярмаркаси якунига етди. Ташкилотчилар мазкур тадбир анъанавий тарзда ҳар йили ўтказилишини маълум қилди.