Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳамкорлигида “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида “Ибн Сино илмий меросининг замонавий тиббиётдаги аҳамияти” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда Марказ илмий ҳодимлари, университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, тьютор ва талабалар иштирок этди.
Самарқанд давлат тиббиёт университети Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Э.Тангиров очиб, Марказ ва университет ҳамкорлиги кўп йиллардан бери давом этиб келаётганини алоҳида таъкидлади.
Марказ илмий ходими Жонибек Жумаев улуғ аждодимиз Абу Али Ибн Сино ҳаёти ва илмий-маънавий меросини ўрганиш, юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир ва алломаларнинг жаҳон цивилизацияси ва илм-фани тараққиётига қўшган бебаҳо ҳиссаси ҳақида сўзлади.
Учрашувда сўзга чиққан Марказ илмий ходими Сирожиддин Абдувоитов ёшларга Ибн Сино тимсолини ибрат қилиб кўрсатиш баробарида бобокалонимиз ҳаёти, илмий ва фалсафий меросининг аҳамиятли жиҳатларини гапириб берди. Шунингдек, Ибн Синонинг ислом билимлари ривожига қўшган улкан ҳиссасига тўхталди. Бундан ташқари юртимизда ёш авлодни динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, тинч-тотув ҳаётни қадрлаш ва мустаҳкамлаш руҳида тарбиялаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида айтиб берди.
Тадбир иштирокчилари Марказ томонидан чоп этилган “Саҳиҳи Бухорий шарҳи” китоби, Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг 30-жузи, Абд ибн Ҳумайд Кешийнинг “Муснади Кеший” асарлари ҳамда “Буюк алломаларимиз” ҳақидаги халқчил рисолалар ва “10 та ҳақиқат” плакатлари билан таништирилди.
Тадбир якунида маърузачилар иштирокчиларнинг саволларига жавоб қайтарди.