Шу кунларда Ўзбекистон бўйлаб давом этаётган III Халқаро Нақшбандия туризм фестивали қатнашчилари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида меҳмон бўлди.
Фестиваль 2022 йил ноябрь ойида юртимизда ўтказилган Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги мобайнида Жаҳон сўфийлар маркази Бош котиби Абдулкарим Ҳадоид билан эришилган келишувга асосан ташкил этилган бўлиб, 22 февраль куни пойтахтимизда старт олди.
Тадбир дастурига биноан Малайзия, Россия, Швеция, Ҳиндистон, Бангладеш, Индонезия, Франция, Сурия, Австралия, Швейцария, Португалия, Хитой ва Туркиядан келган юздан зиёд олим, дин, фан ва жамоат арбоби, шунингдек, туризм соҳаси вакиллари Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлади, тарихий обидалар ва муқаддас қадамжоларни зиёрат қилади.
Фестивалнинг Самарқанддаги қисми Имом Бухорий халқаро-илмий тадқиқот марказидаги тадбирлар билан бошланди. Қатнашчиларни Марказ директорининг ўринбосари Отабек Муҳаммадиев ва илмий ходимлар кутиб олиб, дастлаб музей ҳамда кутубхона фаолияти билан таништирди.
Марказ анжуманлар залида “Жануби-шарқий Осиёда тасаввуф таълимотига оид нодир ёзма манбалар тавсифи” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда илмий ходимлар Марказ манбалар хазинасида сақланаётган қўлёзмаларнинг тариқатга оид намуналарини таснифлаб берди. Кўҳна Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан алломалар қаламига мансуб асарларнинг қўлёзма нусхалари кўплаб мамлакатлардаги кутубхоналардан жой эгаллагани маълум. Хорижлик мутахассислар ёзма ёдгорликларнинг айнан муаллифлар ватанида ўрганилиши бу ердаги авлод ўз аждодларига муносиб ворис бўлишига замин яратишини таъкидлаб, бу ердаги қулай шарт-шароит ва олиб борилаётган илмий фаолият натижаларидан мамнуният билдирди.
Ташриф якунида меҳмонларга Марказ томонидан нашр этилган адабиётлар ҳадя қилинди.
Фестиваль 28 февралга қадар давом этади.