Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ҚЎШМА ЛОЙИҲАЛАР ВА ТАДҚИҚОТЛАР САЛМОҒИНИ ЯНАДА ОШИРИШГА КЕЛИШИЛДИ

ҚЎШМА ЛОЙИҲАЛАР ВА ТАДҚИҚОТЛАР САЛМОҒИНИ ЯНАДА ОШИРИШГА КЕЛИШИЛДИ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Марказ директори Шовосил Юнуович Зиёдов таваллудининг 50 йиллиги муносабати билан “Маънавий мерос ва III Ренессанс асосини яратиш масалалари: изланишлар, тадқиқотлар, истиқболлар” мавзусида халқаро илмий анжуман бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Фанлар академияси археология институти, Самарқанд давлат университети, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти олимлари, ZOOM видеоконференция платформаси орқали Ислом ҳамкорлик ташкилоти (OIC)нинг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA – ИРСИКА), Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти, Австрия Фанлар академияси Эроншунослик институти, Малайзия Миллий университети қошидаги Ислом цивилизацияси институти, Аҳмад Яссавий номидаги Қозоғистон — Туркия халқаро университети ва Нур-Муборак Миср ислом маданияти университети ҳузуридаги Абу Ҳанифа илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Бухоро давлат университети, Самарқанд давлат чет тиллар институти, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари раҳбар ва олимлари, мустақил тадқиқотчилар жами 40 дан зиёд нуқтадан туриб қатнашди.

Анжуманда табрик нутқи сўзлаганлар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг белгиланган мақсад ва вазифаларига мос фаолияти, турдош ташкилотлар билан ўрнатган самарали ҳамкорлик алоқаларининг айни ҳолатидан мамнунлик билдириб, бу ўринда тарих фанлари доктори, доцент Шовосил Зиёдовнинг раҳбар сифатидаги муносиб ҳиссасини эътироф этди. Нотиқлар шунингдек, юбилярнинг инсоний хислат ва шахсий фазилатларини ҳам тилга олиб, таваллуд айёмининг қутлуғ санаси билан самимий табриклашди.

Конференциянинг асосий маърузачилари Ўзбекистонда маънавий меросга оид ҳамда III Ренессансни яратиш билан боғлиқ масалалар доирасидаги фикр-мулоҳазалари ва таклиф ҳамда тавсияларини билдирди.

Сўзга чиққанлар мавзудан келиб чиқиб, илмий қиймати ва маънавий аҳамияти юксак қўшма лойиҳалар салмоғини янада ошириш, биргаликда олиб борилаётган тадқиқотлар кўламини тобора кенгайтиришга бўлган зарурат нуқтаи назаридан ҳамкорликнинг асосий йўналишларига тўхталдилар.

Конференция иштирокчилари томонидан анжуман материалларини тўплам ҳолида нашр этишга келишиб олинди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …