Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида мамлакатимиз Мустақиллигининг 31 йиллигига бағишлаб “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Марказ раҳбарияти ва илмий ходимлари иштирок этган ушбу анжуманда директор ўринбосари Отабек Муҳаммадиев йиғилганларни қутлуғ айём билан қизғин табриклаб, бу йилги Мустақиллик байрами учун “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори бежиз танланмагани, йил давомида амалга оширилган ислоҳотларнинг амалий мазмунида инсон қадри, унинг ҳақ-ҳуқуқлари устуворлик қилганини таъкидлади.
Дарҳақиқат, бу йилги байрам мазкур бош ғоя асосида кутиб олинаётгани Президентимиз раҳнамолигида изчиллик билан амалга оширилаётган халқпарварлик сиёсатига тўла ҳамоҳанглиги билан алоҳида аҳамият касб этмоқда. Зеро, бунинг замирида улуғ неъмат – Мустақиллик, шу муқаддас Ватанда ўтаётган тинч ҳаётимиз, фаровон турмушимизнинг қадрига етишдек улуғ ғоя ва мақсад мужассамдир.
Қатнашчилар Мустақиллик – халқимизга эркинлик ва озод ҳаёт, ўз тақдирини ўзи белгилаш имкониятини ато этган, қадриятларимиз, тилимиз ва динимиз, юртимизнинг барча бойликларига эгаликни тўла маънода қайтариб берган буюк неъмат эканини алоҳида қайд этди.
Сўзга чиққанлар, шунингдек, жорий йил давомида мамлакатимизда диний-маърифий соҳада эришилган ютуқларни ҳам эътироф этиб, ёдда қоларли ва қувончли тарихий воқеаларни тилга олди.
Тадбир байрамона руҳ ва кўтаринки кайфиятда ўтди.