Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / МАРКАЗ РАСМИЙ ҲАМКОРЛАРИ СОНИ ЯНА БИТТАГА ОРТДИ

МАРКАЗ РАСМИЙ ҲАМКОРЛАРИ СОНИ ЯНА БИТТАГА ОРТДИ

Бугун Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Марказ ҳамда Туркиядаги етакчи университетларнинг ТОП-20 талик рўйхатидан ўрин олган Памуккале университети ўртасида ўзаро ҳамкорликка оид англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди. Унда Памуккале университети ректори, доктор Аҳмад Қутлихон раҳбарлигидаги делегация аъзолари, Мармара ва Памуккале университетлари доценти, “Самарқанд тарихи” китоби муаллифи, доктор Осман Айдинли, Марказ раҳбари, тарих фанлари доктори, доцент Шовосил Зиёдов, Марказ директори ўринбосари, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Отабек Муҳаммадиев, бўлимлар бошлиқлари, ахборот хизмати вакиллари ва илмий ходимлар иштирок этди.

Икки юқори салоҳиятли илмий муассаса ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва мазкур йўналишда ўзаро манфаатли музокаралар олиб бориш истаги Марказ директори Ш.Зиёдовнинг 2021 йил ноябрь ойида ушбу университетга қилган ташрифи мобайнида билдирилган ҳамда бу борада муайян келишувларга эришилган эди .

Марказ раҳбари ўтган давр давомида музокаралар экспертлар даражасида давом эттирилгани ҳамда ҳамкорликка оид муҳим йўналишлар белгилаб олинганини мамнуният билан қайд этди.

Памуккале университети ректори, доктор Аҳмад Қутлихон эса аждодларимиз илмий меросини ўрганишда ҳамфикр фаолиятга бўлган зарурат нуқтаи-назаридан ўрнатилаётган ҳамкорлик алоқалари ўзининг барча йўналишлари бўйича самарали натижалар кўрсатиб, алломалар асарларининг туб моҳиятини очиш ва ўрганилмаган жиҳатларини чуқур тадқиқ қилишда кенг имкониятлар яратишига ишонч билдирди.

Маросим доирасидаги қизғин мулоқотдан сўнг, ўзаро ҳамкорликка оид икки томонлама Англашув меморандуми имзоланди. Унга кўра Марказ ҳамда университетнинг Ислом илмлари институти ўртасида кейинги беш йил давомида ходимларни таълимнинг кейинги босқичида ўқишларини ташкил этиш, таржимонлик марказларини очиш ҳамда танланган асарларни ўзбек ва турк тилларига таржима қилиш ишларини йўлга қўйиш, ҳамкорликда турли даражадаги илмий анжуманлар ўтказиш, маданий-маърифий зиёратлар уюштириш, онлайн дарс ва ўқувларни жорий этиш ва шу каби кўплаб йўналишларда ҳамкорлик қилинади.

Маросим якунида меҳмонларга Марказ томонидан нашр этилган адабиётлар ва эсдалик совғалар тақдим этилди.

   

Ўз навбатида делегация томонидан Марказ раҳбариятига сувенирлар улашилди ҳамда кутубхона фонди учун Имом Сарахсийнинг профессор Мустафо Жевад Акшит муҳаррирлигида турк тилига таржима қилинган ва истанбулнинг “Гумушев” нашриётида “Gaye Vaqfı” томонидан нашр этилган 30 томлик “Мабсут” асари ҳадя қилинди.

Ташриф ниҳоясида меҳмонлар Марказ музейи билан танишдилар.

   

Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …