Бугун айни кунларда мамлакатимизда бўлиб турган Калом ва ислом фалсафаси бўйича етук олим, Туркиянинг Ибн Халдун университети профессори, доктор Ҳамза Бакрий Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Жамолиддин Каримов ҳамроҳлигида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюрди.
Меҳмонни Марказ директори, тарих фанлари номзоди, доцент Шовосил Зиёдов, Марказ директори ўринбосари, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Отабек Муҳаммадиев кутиб олди.
Ташриф аввалида асли иорданиялик олимга Марказ фаолияти таништирилиб, кутубхона ҳамда музейда сақланаётган нодир қўлёзма нусхалари кўрсатилди.
Марказ жамоаси доктор Бакрий билан илмий жиҳатдан узвий ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Жумладан, илмий ходимлар томонидан Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асарини ўзбек тилига таржима қилишда мазкур исломшунос олим билан бир неча бор онлайн мулоқотлар ўтказилиб, унинг тавсияларидан унумли фойдаланилди. Таржима ниҳоясида хорижлик олим Марказ ходимларининг ушбу ишини “Ўзбек олимлари томонидан эришилган ютуқ катта натижа” дея баҳолаган.
Бундан ташқари Марказ ва Ибн Халдун университети ҳамкорлигида Бакрий иштирокида Мотуридийлик таълимотининг шаклланиш босқичлари, Имом Мотуридийнинг бизгача етиб келган асарлари ва уларнинг бугунги кунда ўрганилиши ҳолатига оид туркум онлайн семинарлар ташкил этиб келинган.
Ташриф доирасида олим иштирокида “Имом Абу Ҳанифа ва Имом Бухорийнинг имон масаласидаги қарашлари” мавзусида илмий семинар ўтказилди. Семинар Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда Марказлар раҳбарияти ва илмий ходимлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Ҳадис илми олий мактаби раҳбар, ўқитувчи ва талабалари, таниқли диншунослар, Самарқанд вилояти туманлари ҳамда қатор диний муассасалар имомлари қатнашдилар.
Семинар аввалида турдош марказлар директорлари Ш.Зиёдов ва Ж.Каримов сўзга чиқиб, таниқли уламолар иштирокида ташкил қилинаётган бу каби илмий-маърифий анжуманлар замирида маърифатпарвар халқимизнинг диний соҳадаги билимларини янада ошириш, диний таълим муассасалари талабалари илмларини тобора мустаҳкамлаш каби эзгу ғоялар мужассам эканини таъкидладилар.
Анжуманнинг асосий қисмида профессор Ҳамза Бакрийнинг мавзу юзасидаги маърузаси тингланди. Олим маърузасида Аҳли Сунна вал жамоа мазҳабининг буюк тўрт мужтаҳид уламоларидан бири, Ҳанафия фиқхий мазҳаби асосчиси Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ва муҳаддис уламолар ўртасида ақидавий масалалар, жумладан имон борасидаги мутаносиблик ҳақида сўз юритди. Нотиқ шунингдек, ўтмишдаги олимларнинг бу борадаги ёндашуви турли хил бўлсада, аслида бир мафкурани, кишиларни соф эътиқод сари бошлашдек шарафли ғояни илгари сурганликларини таъкидлаб, фикрларини илмий далиллар асосида изоҳлаб берди.
Муҳаққиқ олим Марказ илмий ходимлари, Ҳадис илми олий мактаби устоз ва талабалари томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.
Семинар Марказнинг Youtube видеохостингидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри намойиш этилди. Бу эса юртимиздаги диний таълим муассасалари 30 дан ортиқ вакилларининг онлайн иштирокини таъминлади.
Семинар сўнгида хорижлик олимга Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази номидан эсдалик совғалари ҳадя қилинди. Доктор Бакрий ҳам Марказ кутубхонаси учун ўз муаллифлигида нашр этилган адабиётлар нусхаларини тортиқ этди.
Ташриф якунида профессор Ҳамза Бакрий Марказ веб-сайти учун интервью берди ва семинар иштирокчилари билан умумий суратга тушди.