Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов яқинда Марказга илмий амалиёт ўташ учун келган Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия совриндорлари Муҳаммад Ҳилми Жалил ва Алмас Имангалиевни қабул қилди.
Марказ раҳбари меҳмонларни дастур ғолиблиги билан қизғин табриклаб, Малайзия ҳамда Қозоғистон давлатларидаги илмий муассасалар билан ўрнатилган ҳамкорлик алоқаларининг айни пайтдаги ҳолати ҳамда стипендиатлар учун ишлаб чиқилган илмий амалиёт дастурининг моҳияти ҳақида маълумот берди.
Хорижлик тадқиқотчилар самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ва Марказда илмий изланишлар учун яратилган шароитлар кўламини юқори баҳолашди.
Мулоқот чоғида шунингдек, Марказ ташаббуси асосида йўлга қўйилган мазкур халқаро лойиҳа Мовароуннаҳрда яшаб ўтган мутафаккир олимлар илмий меросини изчил ўрганиш ва кенг тарғиб этишда устувор аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Шовосил Зиёдов стипендиатларга Марказда олиб борадиган илмий изланишларига муваффақиятлар тилади ҳамда иш самарадорлигини таъминлашда амалий кўмак беришга тайёр эканини билдирди.
Мулоқот сўнгида Малайзия миллий университети Ислом цивилизацияси институти ўқитувчиси Муҳаммад Ҳилми Жалил Марказ кутубхона фонди учун ўз муаллифлигида нашр этилган адабиётлар нусхасини тақдим этди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати