Куни кеча Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Малайзия Ислом илмий университети (Университи Саинс Ислам Малайсиа – УСИМ) ўртасида ўзаро ҳамкорликка оид онлайн учрашув ўтказилди.
Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган учрашувда Марказ директори Шовосил Зиёдов ва университет директори профессор Аднан Муҳаммад Юсоф мазкур университет ҳузуридаги Халқаро марказ директори Моҳд Саупи Паузи ва бошқа мутасадди ходимлар иштирокида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилишди.
1998 йилда ташкил этилган Ислом илмий университети Малайзиянинг нуфузли олий ўқув муассасаларидан бири бўлиб, бу ерда таълим модели диний фанларни дунёвий фанлар билан интеграциялаш тамойилига асосланади. Жами 32 та йўналиш, жумладан, ислом илоҳиёти ва ҳуқуқи, аниқ, ижтимоий ва гуманитар фанлар бўйича таълим бериладиган мазкур университетда бугунги кунда 13 мингдан ортиқ талаба, шу жумладан 750 дан ортиқ чет эл фуқароси таҳсил олмоқда.
Учрашув аввалида университет фаолиятига оид тақдимот ҳамда Марказ ютуқлари ҳақидаги ролик намойиш этилди.
Муҳокамада асосий эътибор ҳамкорликни самарали ташкил этишга оид муҳим масалалар, жумладан, ислом меросини биргаликда илмий тадқиқ қилиш, «Имом Бухорий илмий меросининг ёшлар тарбиясидаги ўрни» мавзусида халқаро конференция, шунингдек, Мовароуннаҳр олимларининг илмий меросига бағишланган онлайн-семинарлар, вебинар ва маърузалар ўтказиш, электрон китоблар, қўлёзмалар алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда Ўзбекистон ва Малайзия нашрларида илмий материаллар чоп этиш ишларига қаратилди ва томонлар икки илмий даргоҳ ўртасида ишлаб чиқилаётган Ҳамкорлик меморандуми лойиҳасинининг мазмундорлиги ва амалий аҳамиятига оид масалаларни кўриб чиқди.
Музокаралар давомида шунингдек, Имом Бухорий халқаро тадқиқот марказининг халқаро стипендия дастурида Малайзия олимлари ва экспертларининг иштироки масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича Меморандум лойиҳасини белгиланган муддатда имзолаш учун экспертлар даражасида музокараларни давом эттириш юзасидан келишувга эришилди.