Бугунги ҳадислар орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг инсонларни қайтарган уч амали ҳақида билиб оламиз.
1. Кўп савол сўрашдан
Варрод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мовия Муғирага «Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган нарсаларингдан ёзиб юбор», деб хат ёзди. Варрод айтади: У (Муғира) менга имло қилди (айтиб турди) ва мен қўлим билан ёздим: “Албатта, мен У зот (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни кўп савол сўрашдан, молни зое қилишдан ва деди-дедидан қайтарганларини эшитдим”, – деди”.
Ҳадиснинг умумий маъноси:
Муҳаммад алайҳиссаломга пайғамбарлик келгандан сўнг шариатда бажаришга буюрилган ва ман қилинган амалларни умматига босқичма-босқич етказиб бердилар. Ана шундай амаллардан бири кўп савол сўраш ҳисобланади. Расулуллоҳ бу сўзлари билан мутлақ савол беришни ман қилмадилар, балки жамият ва ўзи учун кераксиз бўлган саволларни беришдан қайтардилар. Саҳобалар иймон-эътиқод, шариат масалаларига жуда эҳтиёткор эдилар. Айнан шариатда ҳаром ёки ҳалоллиги баён қилинмаган нарса ҳақидаги саҳобанинг саволи сабабидан ўша нарсани ҳаром қилинишига олиб келиши эҳтимоли бўлган. Юқорида келтирилган ҳадиснинг замирида (бошқа ҳадисларда келганидек) Қуръонда ҳаром деб келтирилмаган нарсалар ҳақида «бу ҳалолми, бу ҳаромми» деб сўраш ҳам ётади. Шу сабабли Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги оятга мувофиқ саҳобаларни кўп савол беришдан қайтарганлар.
Аллоҳ таоло «Моида» сурасининг 101-оятида: «Эй мўминлар! Агар ошкор бўлса, сизларни хафа қиладиган нарсалар ҳақида сўраманглар!», – деб марҳамат қилади.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу мазкур оятни: «Кутиб туринглар! Қуръон нозил бўлганда сўраётган нарсаларингиз баёнини топасизлар,» – деб шарҳлаган.
Кишида бирор эҳтиёж бўлмай туриб тиланчилик қилиш ёки ҳаётда учрамайдиган воқеа ва масалаларни сўраш ёхуд киши ўзига ва динига фойдаси бўлмаган беҳуда хабарларни суриштириб юриши савол сўрашда ҳаддан ошишдир.
2. Исрофга йўл қўйишдан
Аллоҳ таоло бандаларини бу дунёга имтиҳон қилиш учун келтирди. Кимнидир мусибат билан, кимнидир дард билан синайди. Аллоҳ таоло томонидан бандасини имтиҳон қилинишининг турлари кўп, ана шу синовлардан бири бандасини молу давлат билан неъматлантиришидир. Ислом динида молу давлат билан неъматланган банда ўзига берилган имкониятдан фойдаланиб, бойлигини яхшиликка сарфлаши ҳам ибодат ҳисобланади. Аммо, молни зое қилиш ва уни ноўрин, дунё ва охират учун ҳам фойдаси тегмайдиган жойларга сарфлаш исрофдир, исроф эса муқаддас динимизда гуноҳ ҳисобланади.
Аллоҳ таоло бутун инсониятга санаб саноғига етиб бўлмайдиган даражада неъматлар ато этиб, уларни берилган неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга, исрофга йўл қўймасликка чақирди. Бу ҳақда Қуръони каримда: «… еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай». деб инсониятни исрофдан қатъий буйруқ билан қайтарган.
Ҳадиси шарифда ҳам «Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга берилманглар» деб марҳамат қилинган.
3. Ёлғон хабар тарқатишдан
Одамлардан эшитганини рост-ёлғонлиги аниқ бўлмасдан ва оқибатини ўйлаб кўрмасдан бошқаларга етказиш, асоси йўқ гапларни ташиш жамият бирдамлигига ва одамлар орасига рахна солувчи энг оғир гуноҳлардан бири саналади. Чунки, баъзи катта гуноҳларнинг таъсири фақат ўз эгасига бўлса, бу каби гуноҳларнинг таъсири бутун жамиятга бўлади. Бу қабиҳ амалнинг таъсирида ҳатто ака-ука, опа-сингиллар, қавму қариндошлар бир-бирларидан юз ўгирадилар. Шунинг учун баъзи гуноҳлар бажарилиб бўлиши билан унинг зарари тугалланган ҳисобланса, етказилган бир асоссиз сўз ёки туҳмат гап ташишнинг зарари ва ўз эгасига гуноҳ ёзилиши йиллар ўтса-да тўхтамайди.
Ахборот тарқалиши тезкор бўлган ҳозирги вақтда халқимиз тинчлигини бузиш мақсадида ўз манфаати учун ёлғон хабар тарқатувчилар кўпайгани ҳамда дунёнинг турли давлатларида содир бўлаётган ҳар қандай хунрезликларнинг бошланиши замирида ҳам аслида ана шундай ёлғон хабарлар ётганлигини ҳеч қачон ёддан чиқармаслик керак. Мўмин-мусулмон киши ўзига келган ҳар қандай хабарни, хусусан дин-диёнатга, ақидага боғлиқ бўлганларини таҳлил қилмоғи, унинг замиридаги асл ҳақиқатни ва бу каби хабарларни тарқатувчисининг асл мақсади нима эканлигини англаб етишга ҳаракат қилиши давр талабларидандир.
Бу борада Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасининг 6-оятида «Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда, бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб-текшириб кўринглар!» деб
мўминларни ҳар хил хабарларга алданиб қолмасликка, келаётган ҳар қандай хабарни текшириб кўришга буюради.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
Дунё ва охиратга фойдаси бўлмаган нарсаларни сўрамаслик.
Киши ўзи ва жамияти учун фойдаси бўлмаган илмлардан ўзини сақлаш.
Молу давлатни беҳудага сарфламаслик.
Асоссиз сўз ва хабарларга ишонмаслик.
Асоси йўқ ва фойдасиз хабарларни жамият орасида тарқатиш ва тарқалишидан сақланиш.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати