Ҳозирги глобаллашув даврида жаҳон интеграциясининг ўта даражада кучайганлигини нафақат мамлакатлараро маҳсулотлар, хизматлар, капиталлар, технологиялар, кундалик хатти-ҳаракат намуналари ва ҳаттоки, хавфли вирусларнинг шиддатли равишда тарқалиши ҳам кўрсатмоқда. 2019 йил охирларида Хитойда пайдо бўлган коронавирус 2019 (COVID-19) касаллиги ақлни шоширадиган даражадаги тезлик билан ҳаракатланиб, жуда қисқа фурсатда дунёнинг юзлаб мамлакатларига тарқалди ва бир неча минглаб кишиларни ўзининг комига тортди.
Айни бу ҳолат глобаллашув жараёнида жаҳоннинг исталган олис бир мамлакатида рўй берган инқирозли ҳолат бошқа мамлакатларга ҳам ўзининг маълум таъсирини ўтказишини англатади. Бу ўз навбатида инсониятни уларга бефарқ бўлмасликка, ўзаро ҳамкорликка, зарур сабоқлар чиқариб, дунёда тинчлик ва барқарорлик ҳукм суриши учун ҳамжиҳатликга чақиради.
Хитойда коронавирус 2019 (COVID-19)га қарши кураш бўйича Халқаро қўшма миссиянинг 25 нафар аъзолардан иборат миллий ва халқаро экспертлари феврал ойининг иккинчи декадасидан март ойининг бошларигача мамлакатда фаолият олиб бориб, кўрилган чора-тадбирларни комплекс ўрганиш, тажрибаларни умумлаштириш асосида тавсиялар ишлаб чиқиш ва тадқиқот натижаларини кенг жамоатчиликка етказиш юзасидан ўз ҳисоботини эълон қилди. Мазкур ҳисобот ҳозирда глобал эпидемияга оид статистик маълумотларни атрофлича таҳлил этган ягона халқаро ҳужжат ҳисобланади.
Унга кўра, дастлаб 2019 йилнинг 30 декабрида Хитойнинг Ухан вилоятида жойлашган Жинунтан шифохонасида ўпка шамоллаши ташхиси билан даволанаётган беморнинг қон таҳлили натижаларида коронавирус аломатлари аниқланади. Ушбу вирус кўршапалакларда учрайдиган вирусга айнан ўхшаш бўлиб, у вирусни ташувчи одамдан соғлом одамга асосан ҳаво-томчилари орқали юқиши маълум бўлди.
Хитой ҳукумати зудлик билан мамлакатнинг барча куч ва имкониятларини коронавирусга қарши курашга сафарбар этди. Хитой ўзининг замонавий мониторинг тизими орқали қисқа вақтда нафақат ҳар бир уй ва кварталларни, балки бутун бошли шаҳар ва вилоятлар ҳудудини қатъий изоляциялашга муваффақ бўлди. Кишилик тарихида илк бор энг сўнгги технологиялардан фойдаланган ҳолда, жойларда ўрнатилган ташқи видео камералари орқали коронавирус ташувчи фуқароларнинг кимлар билан контактда бўлганлигини замонавий электрон назорат орқали кузатишлар асосида аниқлаб, уларни олдиндан огоҳлантиришга эришди. Коронавирус билан касалланган фуқаролар билан мулоқотда бўлган тиббиёт ходимлари орасида вирусни юқтириш ҳолатларининг кўпайиши сабабли ишончли ҳимоя костюмлари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқариш кенг йўлга қўйилди.
Хитойда вирусдан касалланган 55924 нафар беморлар устида ўтказилган тиббий текширувлар асосида беморларнинг 88% – иситма, 68% – қуруқ йўтал, 33% – кўп миқдорда балғам ажралиши, 19% – нафас етишмовчилиги, 15% – миалгия (мўшаклар зирқираши), 14% – оғир ангина, 14% – кучли бош оғриғи, 5% – қайт қилиш, 4% – кучли диарея (ич кетиши), 1% – қон тупуриш аломатлари аниқланди. COVID-19 касаллигини аниқлашдаги қийинчиликлардан бири касалликка хос бўлган алоҳида хусусиятларнинг мавжуд эмаслиги бўлиб, юқорида қайд этилган касаллик белгилари организмда кечаётган турли бошқа касалликлар билан боғлиқ ҳолда ўзини намоён этиши мумкинлиги ҳам таъкидланди.
Халқаро миссиянинг эътироф этишича, эпидемиянинг дастлабки кунларидан бошлаб мазкур ҳисоботни тайёрлаш ишлари якунланаётган сўнгги кунлар давомида Хитой ҳукумати соғликни сақлаш эҳтиёжлари учун зарур бўлган ўпкани вентиляция қилиш аппаратлари, махсус тиббий кроватлар, тиббиёт ходимлари учун ҳимоя костюмлари, эвакуаторлар ва аҳолини тиббий ниқоблар билан тўлиқ таъминлашга эриша олди. Шунингдек, эпидемиянинг барча босқичларида мамлакатнинг ҳеч бир туманида, ҳатто эпидемия кескин авж олган Ухан ва Хубэй вилоятларида ҳам аҳолини барқарор нархлардаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва медикаментлар билан таъминлашда узилишлар кузатилмаган.
Хитой эпидемияга қарши кураш тажрибасида инсоният тарихида илк бор катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлайдиган сунъий интеллект (ақл) тизими ва бошқа турдаги ўта замонавий технологиялардан самарали фойдаланди.
Ҳар бир хитойлик эпидемияга қарши курашда жасорат ва жамовийлик кўрсатиб, ҳукуматнинг шаҳар, туман, вилоятлар ва бутун мамлакат ҳудудида карантин жорий қилиш сиёсатини тўғри тушуниб, уни қўллаб-қувватлади. Фуқаролар интизомга бўйсунган ҳолда, ўз уйларида қолиб, тавсиялар асосида озиқ-овқат ҳамда медикаментларга бўлган эҳтиёжларини қондирди.
Эпидемия даврида Хитойнинг ҳеч бир шаҳрида жиноят, талончилик, ўғрилик жиноятлари кўрсаткичлари ошмаганлиги ҳамда карантин шароити шартларини бажаришда, бутунлай узгача бўлган янги ҳаёт тарзига амал қилинишида хитойликларнинг ўта самимийлиги ва якдиллиги халқаро ҳамкорлик миссиясини ҳайратлантирди.
Хитой ҳукумати умумий хавф олдида мамлакат аҳолисининг ҳамижиҳатлигини таъминлай олди. Ўзининг иқтисодий муваффақиятлари билан доимо фахрланадиган Хитойнинг оддий фуқаросидан олий раҳбариятигача бўлган барча вакиллари онгли равишда ҳеч қандай иккиланишларсиз 1,4 млрд кишилик мамлакат аҳолисини эпидемиядан холос этиш учун миллий иқтисодиётни қурбон қилди ва мамлакат ҳудудида ушбу офат устидан ғалаба қозонди. Халқаро миссиянинг қайд этишича, Хитой ҳозирда эпидемия билан боғлиқ ҳар қандай инқирозни яшин тезлигида бартараф эта оладиган дунёнинг ягона давлати ҳисобланади.
Қўшма миссиянинг хулоса қилишича, Хитойнинг ташкилий ва тиббий чора-тадбирлардан иборат қатъий сафарбарлик ёндашуви коронавирус пандемиясини тўхтатишга ва бутунлай бостиришга қодир бўлган муҳим имкониятдир. Коронавирус пандемиясининг хуружига дастлаб юзма-юз келган Хитойнинг ўта ноёб ва фавқулодда кураш тажрибаси дунё мамлакатларининг, жумладан Ўзбекистоннинг шифокорлари, олимлари, сиёсатчилари, хавфсизлик хизмати ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳамда кенг жамоатчилиги учун ҳам қўлланма бўлиб хизмат қилса, ажаб эмас.
Сўзимиз ниҳоясида биз барчани инсониятга хавфли рақиб бўлмиш –коронавирусга қарши курашда дунё мамлакатларининг тажриба ва ютуқтларидан тўғри хулоса чиқариб, саросимага берилмасликка, вазминлик ва ақл билан иш тутишга ҳамда тавсия этилаётган эҳтиёт чораларига қатъий амал қилишга чақириб қоламиз.