15 ноябрь куни Тошкент шаҳрида “Марказий Осиё-умумий уйимиз” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Анжуманда юртимиздаги қатор давлат ва нодавлат ташкилотлар мутасаддилари ва илмий доиралар вакиллари, шунингдек, халқаро нуфузли ташкилотларнинг етакчи мутахассислари иштирок этди.
Хусусан, Россия Федерациясининг Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, чет элда яшаётган ватандошлар ва халқаро гуманитар ҳамкорлик ишлари бўйича федерал агентлик (“Россотрудничество”) раҳбари ўринбосари М.Брюханов ва Хитой Марказий Осиё давлатлари билан дўстлик алоқалари жамияти Бош котиби Ху Чуньмэй иштирок этди.
Тадбирда асосан Марказий Осиё давлатларининг минтақавий ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар соҳада алмашинувни кенгайтириш, икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашда халқ дипломатияси ролини кучайтириш ва уни амалга оширишда миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятларининг олдида турган вазифалар ва бошқа долзарб масалалар муҳокама этилди.
Халқаро конференцияда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ҳам иштирок этиб, “Ўзбекистондаги диний бағрикенгликнинг тарихий илдизлари” мавзусида маъруза қилди.
Айтиш жоизки, халқлар ва давлатлараро интеграция жараёнлари жадаллашиб бораётган бугунги кунда миллатлараро тотувлик
ва конфессиялараро бағрикенгликни таъминлаш нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг барча мамлакатлари учун долзарб масаладир.
Шу боис, халқаро конференцияда Ўзбекистон ва хорижий мамлакатларнинг соҳага алоқадор ташкилот ва идоралари экспертларининг бу борадаги фикр-мулоҳазалари тингланиб, истиқболда биргаликда амалга оширилиши лозим ищлар муҳокама қилинди.
Эслатиб ўтамиз мазкур халқаро конференция Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан 16 ноябрь-“Халқаро бағрикенглик куни”га бағишлаб ўтказилаётган “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида ташкил этилди.
Конференция иштирокчилари 16 ноябрь куни Самарқанднинг диққатга сазовор жойларини томоша қилиши ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюриши кутилмоқда.