Барча ватандошларимизнинг маънавий-маърифий, диний ва дунёвий билимларини мунтазам равишда бойитиб бориш, уларни юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, ўзгаришлар билан таништириш, дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, тинчлик ва осойишталикка шукроналик туйғусини мустаҳкамлаш ва халқаро майдондаги геосиёсий жараёнлардан хабардор этиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади.
Аввал хабар берилганидек, Самарқандда фаолият олиб бораётган отинойиларнинг касбий маҳоратини ошириш мақсадида семинар тарзидаги ўқув курси ташкил қилинди.
Тадбирни юқори савияда ўтказиш ва самарадорлигини ошириш мақсадида машғулотларга Самарқанддаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари, шунингдек, соҳага тааллуқли бошқа давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари таклиф этилди.
– Машғулотлар давомида отинойиларга юртимизда маънавий-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг моҳияти, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолияти, аёлларга хос фиқҳий масалалар, ақида, миллий ва исломий қадриятлар уйғунлиги, мовароуннаҳлик мутафаккирлар ҳаёти ва илмий мероси ҳақида тушунчалар берилмоқда. Мазкур ўқув курси маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, конфессиялараро тотувликни янада мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади, – дейди Марказ директори ўринбосари Шукрулло Умаров.
– Отинойиларга жамиятимизда учраётган иллатлар, хусусан, хотин-қизлар орасида юзага келаётган ижтимоий ва психологик муаммоларга ечим излаш, ислом тарихи, манбашунослик, қуръоншунослик ва ҳадисшунослик, фиқҳ, экстремистик оқимлар фаолияти ва уларга қарши кураш мақсадида жойларда ўтказилаётган тарғибот тадбирларида эътибор қаратиш лозим жиҳатлар хусусида ҳам маълумотлар берилмоқда деди, – Марказ Қуръоншунослик шўъбаси раҳбари Усмонхон Муҳаммадиев.
Семинар доирасида олинган билимлар отинойиларнинг мамлакатимизда ҳукм сураётган осуда ва фаровон ҳаёт барқарорлигини таъминлаш, хотин-қизлар, хусусан, ёшлар орасида маънавий соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, ҳамюртларимизни эзгу ишларга, савобга ундашда муҳим аҳамият касб этади.