Home / ЯНГИЛИКЛАР / Муҳаммад Илтоф Шайх: Менинг томиримда Амир Темурнинг қони оқмоқда

Муҳаммад Илтоф Шайх: Менинг томиримда Амир Темурнинг қони оқмоқда

Сўз – конфренция иштирокчиларига

Муҳаммад Илтоф Шайх – Консерватив мусулмон форуми президенти /Буюк Британия/
Муҳаммад Илтоф Шайх – Консерватив мусулмон форуми президенти /Буюк Британия/

 – Мен Ўзбекистонни жуда яхши кўраман. Ўзбек халқининг меҳр-муҳаббати, меҳмонновозлиги менга жуда ёқади. Ўзбекистонда Маданий мерос ҳафталиги доирасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ўтказилган “Асрлар қаъридан таралаётган нур” исломшунос олимлар халқаро конференциясида ўз маърузам билан иштирок этиб, фикр-мулоҳазаларим, таклиф ва ташаббусларим ҳақида конференция иштирокчилари билан ўртоқлашдим. Улар мени қўллаб-қувватлашди. Бундан жуда ҳам мамнунман.

Бугун Ўзбекистон дунёга янгича нигоҳ билан боқмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев халқаро анжуман ва конференцияларда фақатгина Ўзбекистонни эмас, балки, бутун дунёни ўйлантираётган муаммолар ҳақида гапирмоқда. Шунинг билан бирга уларнинг ечими борасида муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда.

Хусусан, Президентингизнинг ислом динининг нуфузини ошириш, миллатлараро тотувликни таъминлаш, диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш борасидаги ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлайман ва бунинг учун ўзимнинг чуқур миннатдорчилигимни билдираман.

Мен асли ҳиндистонлик бўлганим учун Ўзбекистон диёридан етишиб чиқиб, Ҳиндистонда 300 йил ҳукмронлик қилган Бобурийлар сулоласи тарихини чуқур ўрганганман. Ҳиндистонда илм-фан, маданият ва маърифатни ривожлантиришда Бобурийларнинг хизмати беқиёс.

Бундан ташқари, Темурийлар даври тарихини ҳам жуда кўп ўқиганман.

Ҳозир бемалол айтишим мумкин, менинг томиримда ҳам Амир Темурнинг қони оқмоқда.

Бугун ислом оламидаги энг машҳур шахс, буюк муҳаддис Имом Бухорий номи билан аталувчи марказда бўлиб турганимдан бениҳоя хурсандман.

Имом Бухорий илмий меросини барчамиз бутундунёга кенг тарғиб қилишимиз керак.

Ўзбекистон бутундунёда ислом дини нуфузини ошириш борасида ғоятда муҳим ишларни амалга оширмоқда. Бугунги конференцияда исломшунос олимларнинг маърузаларини тинглаб, шундай хулосага келдим. Буюк Британияга қайтганимдан сўнг, мусулмон ташкилотлари, ислом тадқиқот марказларини тўплаб муҳим лойиҳаларни тузиш ва тез орада ушбу лойиҳаларни Ўзбекистон билан бирга амалга оширишни олдимга мақсад қилиб қўйдим.

 

Сали Шахсивари – “Al-Furqon” исломий мерос фонди директори /Буюк Британия/

Таклиф ва ташаббусларингизни қўллаб-қувватлаймиз

“Al-Furqon” исломий мерос фонди Буюк Британиядаги энг нуфузли муассасалардан саналади. Фонд исломий ёзма меросни ҳужжатлаштириш ва асраб-авайлаш мақсадида ташкил этилган бўлиб, асосан тадқиқот, тасвир, каталоглаштириш, таҳрир ва нашр этиш билан шуғулланади.

Биз Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан анчадан буён ҳамкорлик қиламиз. Марказ раҳбарияти билан яқин алоқалар қарор топтирилган. Хусусан, Марказга кўплаб қўлёзма ва тошбосма асарларнинг катологларини ҳадя қилдик. Келгусида ҳамкорликни янада ривожлантириш, илмий-тадқиқот йўналишида қандай ташаббус ва таклифлар бўлса, барчасини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.

 

Шойиста Бедар хоним – Худо Бахш Шарқ кутубхонаси директори /Ҳиндистон/

  Ҳали ўрганилмаган асарлар жуда кўп

Касбим юзасидан кўплаб мамлакатларда бўлганман, илмий-тадқиқот муассасалари фаолияти билан танишганман. Шундай эса-да, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказидаги улкан қурилиш ва бунёдкорлик ишларини кўриб ҳайратландим.

Ушбу конференцияда ҳам маърузачи, ҳам кузатувчи сифатида иштирок этмоқдаман. Кутубхонамизда Шарқ мамлакатларидан етишиб чиққан кўплаб аллома ва мутафаккирларнинг минглаб қўлёзма ва тошбосма асарлари сақланади. Бу мероснинг қанчадан-қанчаси ҳалигача ўрганилмаган. Бугун исломшунос олимлар билан мулоқотда уларга кучимизни бирлаштириб, шу улкан маънавий бойликни тадқиқ этиш бўйича таклифларимни билдирдим.

Биздаги илмий-тадқиқотчилар орасида ўзбекистонлик ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Улар тадқиқот ишларида кутубхонада мавжуд адабиётлардан кенг фойдаланмоқда. Ҳиндистонликлар ҳам Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек каби алломларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида яхши билади. Лекин кутубхонамизда уларнинг ҳали ўрганилмаган кўплаб асарлари эътибордан фаромуш ҳолда ётибди. Келгусида ўзбекистонлик илмий-тадқиқотчилар билан уларларни таржима қилиш ва замонавий китоб ҳолида кенг жамоатчиликка етказишни режалаштирмоқдамиз.

Комил ишонч билан айтиш мумкинки, ушбу маънавий мерос дунё халқлари ўртасида илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, илм-фан равнақига муносиб ҳисса қўшади.

 

Жавод Аббосий – Фирдавсий номидаги Машҳад университети доктори /Эрон/

  Таассуротларимни университет жамоасига сўзлаб бераман

3 йил аввал Тошкент шаҳрида бўлган эдим. Бу сафар Маданий мерос ҳафталиги доирасида Тошкент билан бирга, Бухоро ҳамда қадим ва навқирон Самарқандни зиёрат қилдим. Конференция иштирокчилари қаторида бу шаҳарлардаги маданий мерос объектлари, меъморий обидаларни, муқаддас қадамжоларни кўриш бахтига муяссар бўлганимдан жуда хурсандман.

Бугун Ўзбекистон барча жабҳаларда жадал ривожланаётганини ўз кўзим билан кўриб, очиғи, ҳайратландим. Уч йил олдинги Ўзбекистон бугун умуман бошқача қиёфа касб этган. Хусусан, буюк муҳаддис Имом Бухорий номи билан аталувчи халқаро илмий-тадқиқот маркази ривожланган мамлакатлардаги муассасалардан ҳам аъло даражада бунёд этилибди. Бу ерда тадқиқотчилар учун яратилган шароит фақат ҳавас уйғотади. Марказдаги таржимонлик ишлари билан ҳам танишдим.

Ўйлайманки, яқин йилларда бу меҳнат маҳсули бутун дунё мусулмон олами учун улкан маънавий ва маърифий асос вазифасини ўтайди. Марказ илмий ходимлари омад ва муваффақиятлар тилайман.

Конференция биз учун эсда қоларли онларни ҳадя этди. Кўплаб исломшунос ва шарқшунос олимлар билан танишиш имкониятини яратгани учун ташкилотчиларга алоҳида миннатдорлик билдираман. Албатта, юртимга қайтгач, таассуротларимни университетимиз жамоасига батафсил сўзлаб бераман.

ИБХИТМ Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …