Жазоир Халқ Демократик Республикасида илмий сафарда бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси вакиллари икки мамлакат илмий-академик доиралари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Қасантина (Константина) шаҳрида жойлашган Амир Абдулқодир номидаги Ислом илмлари университетига ташриф буюрди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов, илмий ходим Саъдуллохон Бобохўжаев, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази масъул ходими Ҳикматулло Абиев, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессори Аҳмад Жасим Зубайдий мазкур нуфузли олий таълим даргоҳининг Халқаро алоқалар ва ҳамкорлик бўйича проректори, профессор Мухтор Амир Насира ва Дин асослари факультети декани, профессор Муҳаммад Башир бин Табба билан учрашув ўтказди. Суҳбатда Ағвот Ислом илмлари ва цивилизациясини тадқиқ қилиш маркази директорининг ўринбосари Али Ғарибий ҳам иштирок этди.
Мезбонлар ўзбекистонлик олимларни университетнинг кўп йиллик тарихи, бугунги таълим тизими ҳамда фундаментал исломий фанлар йўналишида олиб борилаётган тадқиқотлар билан таништирди.
Шовосил Зиёдов университет раҳбарияти ва профессор-ўқитувчиларига бугунги кунда Ўзбекистонда фундаментал исломшунослик, ҳадисшунослик ва мотуридийлик мактабини тадқиқ этиш борасида амалга оширилаётган давлат аҳамиятига молик ислоҳотлар ҳақида сўзлаб бериб, Марказ нашрлари тақдимотини ўтказди.
Мулоқот давомида таълим ва илм-фан соҳасида ўзаро тажриба алмашиш ва истиқболли қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.

Делегациямиз аъзолари университетнинг бой ва ноёб фондга эга Қўлёзмалар маркази фаолияти билан танишди. Ўзбекистонлик манбашунос олимлар кутубхонадаги 1800 га яқин нодир қўлёзмани жамлаган каталогни кўздан кечириш жараёнида Мовароуннаҳр уламолари меросига оид ғоят қимматли асарлар сирасида Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” ва Имом Термизийнинг “Шамоили Муҳаммадийя” китоблари ҳам мавжудлигини аниқлади.

Томонлар бу қадим қўлёзмаларни биргаликда қиёсий-танқидий тадқиқ этиш, матнларини нашрга тайёрлаш ва икки муассаса ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини изчил ривожлантиришга келишиб олди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





