Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига хорижлик нуфузли олим – Эрон Форс тили ва адабиёти академияси аъзоси, профессор Ориф Навшоҳий ташриф буюрди.

Меҳмон билан учрашувда Марказ директори, тарих фанлари доктори, профессор Шовосил Зиёдов муассаса фаолияти, амалга оширилаётган илмий лойиҳалар, халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳақида маълумот берди. Мулоқот давомида ислом маънавий меросини ўрганиш борасидаги устувор вазифалар юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, келгусида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Ташриф доирасида “Хожа Аҳрор Валийнинг ҳаётига бағишланган асарлар манбашунослиги” мавзусида илмий семинар бўлиб ўтди. Маърузачи аввало Марказий Осиё ва Покистон халқлари ўртасидаги диний-маънавий алоқаларнинг чуқур илдизларига эътибор қаратди, бу яқинлик аҳли суннанинг ҳанафийлик мазҳаби ва нақшбандия тариқати орқали шакллангани таъкидланди. Хусусан, Хожагон силсиласининг Мовароуннаҳрдан Ҳиндистонгача ёйилиши мазкур боғлиқликнинг ёрқин намунаси сифатида қайд этилди.

Маъруза давомида олим Хожа Аҳрор Валий ҳаёти ва фаолиятини ўрганишда “Рашаҳот айнул ҳаёт” асарининг ўрнига алоҳида тўхталди. Ушбу манба мутафаккир ҳаётига бағишланган энг муҳим ва мукаммал асарлардан бири эканини таъкидлади. Профессор турли мамлакатларда сақланаётган қарийб 120 та қўлёзма аниқланганини айтиб ўтди, уларни қиёсий таҳлил қилиш орқали валийлар сардори ҳаёти ва фаолиятининг энг ишончли баёнини тиклашга қаратилган илмий изланишлар олиб борилганини қайд этди. Қўлёзмаларнинг асосий қисми Туркия, Эрон, Европа ва Жанубий Осиёдаги мамлакатларда аниқлангани,тадқиқот учун энг қадимий нусхалар асос сифатида танлангани маълум қилинди.
Шунингдек, маърузачи “Рашаҳот” муаллифи Фахриддин Али Сафий Хожа Аҳрор Валий билан бевосита мулоқотда бўлиб, у зотнинг сўз ва мулоҳазаларини қайд этганини таъкидлади. Кейинчалик ушбу қайдлар китоб ҳолига келтирилгани ҳақида маълумот берилди. Форс адабиётида тасаввуфий тазкира жанрининг муҳим намуналари сифатида Аттор Нишопурийнинг “Тазкиратул авлиё”, Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳотул унс” асарлари ҳамда “Рашаҳот” тилга олинди. Айниқса, “Рашаҳот” асарида Хожа Аҳрор Валининг ҳаёт йўли кенг ва мустақил ёритилганига алоҳида урғу берилди.
Маъруза якунида тадқиқотчи Хожа Аҳрор Валийнинг нақшбандия тариқатини кенг ҳудудларга ёйишдаги беқиёс хизматини таъкидлади, унинг маънавий таъсири Туркия, Эрон, Покистон ва Ҳиндистон каби мамлакатларда бугунги кунда ҳам сақланиб қолаётганини мисоллар билан асослаб берди.

Семинар якунида иштирокчилар тадбир юқори савияда ва мазмунли ўтганини алоҳида қайд этиб, бундай илмий мулоқотлар маънавий меросни чуқур ўрганишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





