Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ҳар бир саҳифа – тарихдан садо: Халқаро семинар якунланди

Ҳар бир саҳифа – тарихдан садо: Халқаро семинар якунланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Франциянинг “College de France” олий ўқув муассасаси ва Тиллар ва цивилизациялар университети кутубхонаси (BULAC) билан ҳамкорликда ташкил этилган “Ўрта Осиё қўлёзмалари кодикологияси элементлари” мавзусидаги халқаро семинар-тренинг 21 апрель куни ўз ишини муваффақиятли якунлади.

Машғулотларнинг сўнгги куни иштирокчилар учун қўлёзмашуносликнинг энг мураккаб ва қизиқарли жиҳатларини кашф этиш даври бўлди. Хусусан, кун давомида қўлёзмаларнинг “паспорти” – колофонлар мавзуси кенг қамровда таҳлил этилди. Экспертлар колофонларда яширинган ижтимоий, сиёсий ва диний ишоралар, хаттотлар қўллаган махсус шифрлаш усуллари ҳамда рамзий белгиларнинг илмий аҳамияти ҳақида қимматли маълумотлар берди. Таъкидланганидек, бу кичик қайдлар орқали муайян даврдаги илмий муҳит, китобат анъаналари ва ҳатто тарихий шахслар ўртасидаги ижтимоий муносабатларни тиклаш мумкин.

Семинар давомида минтақамиз китобат санъати тарихида алоҳида ўрин тутган қоғоз ишлаб чиқариш технологияси ва унинг турлари, хусусан, Самарқанд ва Қўқон қоғозларининг ўзига хос хусусиятлари муҳокама марказида бўлди. Тадқиқотчилар табиий хомашёдан тайёрланадиган бу қоғозларнинг асрлар давомида сақланиши, сиёҳни сингдириш қобилияти ва манбашуносликдаги беқиёс аҳамиятини амалий мисоллар ёрдамида кўриб чиқди.

Куннинг иккинчи ярмида иштирокчилар назарий билимларини бевосита амалиётда синаб кўриш имкониятига эга бўлди. Профессор Франс Ришар ва доктор Мари Эфтимию раҳбарлигида ўтказилган амалий машғулотларда қўлёзмаларнинг кодикологик тавсифини тузиш, муқова ва безаклардаги Темурийлар ва Шайбонийлар даври анъаналарини аниқлаш бўйича мустақил вазифалар бажарилди.

Якуний қисмда бўлиб ўтган савол-жавоблар ва фикр-мулоҳазалар алмашуви семинар муҳитини янада жонлантирди. Иштирокчилар икки кунлик интенсив тренинг давомида янги таҳлил усулларини ўрганганини, нодир меросимизни асраб-авайлаш борасидаги улкан масъулиятни бевосита ҳис этганини таъкидлади.

Тадбир якунида барча иштирокчиларга махсус диплом ва сертификатлар топширилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Бухоролик журналистлар – маърифат масканида

Самарқанд ва Бухоро – асрлар давомида ислом тамаддунининг икки йирик маркази, илм-фан ва маърифат бешиги …