Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Икки муқаддас масжид вакиллари – Марказда

Икки муқаддас масжид вакиллари – Марказда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Саудия Арабистони Подшоҳлиги Икки муқаддас масжид Дин ишлар бошқармасининг илмий тадқиқотлар ва кутубхоналар бўйича масъул раҳбари, доктор Аҳмад бин Фаҳд Шувайъир бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

Юқори мартабали меҳмонларни Марказ директори Шовосил Зиёдов кутиб олди. Ташриф давомида делегация аъзолари Марказ музейи ва кутубхонаси фонди билан яқиндан танишиб, бу ерда буюк аждодларимиз меросини ўрганиш борасида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади.

Доктор Аҳмад бин Фаҳд Шувайъир раҳбарлик қиладиган тузилма Маккадаги Масжидул Ҳарам ва Мадинадаги Масжидун Набавий ҳузуридаги кутубхоналар ҳамда бу муқаддас масканлардаги барча илмий тадқиқот жараёнларини мувофиқлаштириб боради. Шу боис мулоқот чоғида Марказ билан мазкур ташкилот ўртасида кутубхона иши, нодир манбаларни рақамлаштириш ва илмий тадқиқотлар йўналишида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида урғу берилди.

Ташриф якунида меҳмонлар Марказнинг илмий салоҳияти ва нодир манбаларни сақлаш борасидаги фаолияти келгусидаги қўшма лойиҳалар учун муҳим асос бўлишини таъкидлади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Назарий билимлар амалиёт билан мустаҳкамланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ташкил қилинган «Ўрта Осиё қўлёзмалари кодикологияси элементлари» мавзусидаги семинар-тренингнинг иккинчи …