Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Марказда канадалик олим тадқиқотларини бошлади

Марказда канадалик олим тадқиқотларини бошлади

Имом Бухорий халқаро стипендиясининг навбатдаги совриндори, Канада ислом маданияти институти директори, доктор Аҳмад Бадра илмий амалиёт ўташ учун Марказга келди.

Марказ директори Шовосил Зиёдов ҳузуридаги қабулда амалиётчи ўз изланишларининг мақсад-вазифалари билан ўртоқлашди. Учрашувда, шунингдек, икки муассаса ўртасида илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва алоқаларни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Суҳбатдан сўнг доктор Аҳмад Бадра Марказ музейи ва кутубхонаси фаолияти билан яқиндан танишди.

Канадалик олимнинг тадқиқот йўналиши бугунги кун учун ниҳоятда долзарб бўлиб, уни содда тилда “Замонавий таълим ва тарбия жараёнида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўгитлари ва илмий услубларидан фойдаланиш” деб ифодалаш мумкин. Инсоният маънавий-руҳий камолотида набавий таълимотнинг ўрнини очиб бериш, қадимги илмий анъаналарни ҳозирги давр педагогикаси ва жамият ҳаётига татбиқ этишнинг самарали йўлларини ишлаб чиқиш тадқиқотчи изланишларининг асосий мақсадлари сирасига киради.

Амалиёт дастурига кўра, доктор Аҳмад Бадра Марказдаги нодир манбаларни ўрганиш ҳамда юртимизнинг тарихий шаҳарларига илмий сафарлар уюштиришни ҳам режалаштирган.

Эътиборли жиҳати шуки, канадалик олим ўз амалиёти давомида Марказда ўтказиладиган йирик халқаро илмий тадбирда алоҳида маъруза билан иштирок этиши кўзда тутиляпти. Бу эса маҳаллий ва хорижлик мутахассислар учун ўзаро тажриба алмашиш имконини беради.

Мазкур халқаро дастур доирасида йил якунига қадар Марказга яна бир қатор хорижлик тадқиқотчиларнинг келиши кутилмоқда.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Илм-фан ва инновациялар интеграцияси йўлида янги босқич

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида илмий изланишлар кўламини кенгайтириш ва замонавий таълим муассасалари билан алоқаларни …