Имом Бухорий номидаги халқаро стипендиянинг жорий йилдаги илк совриндори, Туркиядаги Карабук университети тадқиқотчиси Айшенур Кумас илмий амалиёт ўташ учун Марказга келди.
Амалиётчи директор Шовосил Зиёдов қабулида бўлиб, Ўзбекистондаги изланишларидан кўзлаган мақсадлари ҳақида сўзлаб берди.

Туркиялик тадқиқотчи ўз илмий ишида “Саҳиҳайн” (Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг ишончли тўпламлари) асосида ёзилган ва ҳозирги вақтда йўқолган деб ҳисобланадиган ноёб ҳадис тўпламларини, хусусан, Абу Бакр Барқоний ривоятлари ва уларга битилган шарҳларни тадқиқ этишни мақсад қилган.

Амалиётчи изланишлари давомида Марказ фондидаги қўлёзмалар ҳамда дунё кутубхоналарида сақланаётган нодир манбаларнинг электрон нусхаларидан фойдаланиб, ўз илмий ишининг мазмунини бойитиш ва қамровини кенгайтиришни режалаштирган. Шунингдек, дастурга биноан тадқиқотчи Тошкент ва Бухорога илмий сафар қилиши, Марказда илмий семинар ўтказиши назарда тутилган.

Маълумот учун, мазкур стипендия дастури 2022 йилдан буён хорижлик тадқиқотчиларнинг илмий салоҳиятини оширишга хизмат қилиб келмоқда. Ўтган давр давомида турли давлатлардан жами 30 нафар тадқиқотчи Марказда илмий амалиёт ўтади. Жорий йилда эса дастур доирасида 7 нафар хорижлик тадқиқотчи илмий малакасини ошириши кутилмоқда.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





