Home / МАҚОЛАЛАР / ИНСОН МАЪДАН, ХОЛОС…

ИНСОН МАЪДАН, ХОЛОС…

ИНСОН МАЪДАН, ХОЛОС…
Бу маъдандан фойдали модда олинадими ё зарарлими – буни ахлоқи ва тарбияси белгилайди

Одамларнинг табиати турлича. Бу – ҳар қандай киши кузатадиган, деярли ўз-ўзидан равшан бўлган ҳақиқат. Одамлар ақл-заковатда турлича бўлганидек, жисмоний жиҳатдан ҳам кучли ва заиф, баланд ва паст, семиз ва озғин, соғлом ва касалманд бўлади, чирой, тароват, озодалик ва бошқа сифатлари билан фарқ қилади. Шунингдек, нафсга оид ахлоқий ва ғайриахлоқий насиба ҳам ҳар кимда ҳар хил.

Масалан, баъзи одамларда қўрқув ҳисси бошқаларга нисбатан кучлироқ бўлади. Айримларда эса очкўзлик устун туради. Яна баъзиларнинг ғазаби тез бўлса, бошқаларда ҳалимлик, сабр-тоқатни кўрамиз. Албатта, айрим одамларда мол-мулкка муҳаббат бошқаларга нисбатан кучлироқ бўлади.

Бундай тафовутларни руҳий шаклланишига ҳали муҳит таъсир қилишга улгурмаган ёш болаларда ҳам кузатиш мумкин.

Ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу фарқланишларни исботлайдиган сўзлари келтирилган. Жумладан, Термизий ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Огоҳ бўлинг, албатта, одам болалари турли табақаларда яратилгандир… Огоҳ бўлинг, улар орасида секин ғазабланадиган ва (ғазабдан) тез қайтадиганлари бор. Улар орасида ғазаби тез бўлиб, тез қайтадиганлари бор. Униси буниси биландир (яъни, иккиси ҳам тенг, бирини бошқасидан яхши ва ёмон деб ажратилмайди). Огоҳ бўлинг, улар орасида ғазаби тез чиқадиган ва секин қайтадиганлари бор. Огоҳ бўлинг! Уларнинг яхшилари секин ғазабланадиган ва (ғазабдан) тез қайтадиганларидир. Огоҳ бўлинг! Уларнинг ёмонлари ғазаби тез чиқадиган ва секин қайтадиганларидир”.

Бу хусусда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни уч синфга бўлганларини кўрмоқдамиз.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамлар кумуш ва олтин маъданлари каби маъданлардир. Жоҳилиятдаги яхшилари исломда ҳам яхшиларидир, агар динни чуқур англаб етсалар”, дедилар” (Муслим ривояти).

Набий солаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг ҳолатини, нафосат, тубанлик ва хасислик жиҳатларини яхши билар ва ажрата олардилар. Шу сабабли бизга дунё ва охиратда фойда берадиган нарсаларни ўргатганлар. Токи одамларни танишда, ким аслида ким эканини билишда, ким билан қандай муомала қилиш кераклигини англашда ҳар бирининг ҳолига яраша йўл тутайлик.

Одамларни маъданларга ўхшатганлари – у ер қаърида жойлашган бўлиб, ичидан бирор модда ажратиб олинади. Худди шундай, ҳаёт давомида ҳар бир инсонда унинг аслидаги шараф ё хасислик зоҳир бўлади.

Бу ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонлар ичида яратилиши жиҳатидан энг яхшилари ахлоқи энг гўзал бўлганлар эканини баён қиляптилар. Бу ахлоқий табиат инсон билан умр бўйи бирга бўлиб, унинг барча ҳолатларида ҳамроҳ бўлади. Афсуски, салбий жиҳатлар ҳам деярли шундай.

Абу Мусодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Албатта, Аллоҳ Одамни ер юзининг барча қисмларидан олинган бир ҳовуч (тупроқ)дан яратди. Шунинг учун Одам фарзандлари ер табиатига мувофиқ бўлиб келди: улар (сираси)да қизили ҳам, оқи ҳам, қораси ҳам ва шуларнинг орасидагилар ҳам бор. Шунингдек, (хулқ жиҳатидан) юмшоғи ҳам, қайғулиси ҳам, ёмони ҳам, яхшиси ҳам бор” (Аҳмад, Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган).

Ҳадисда баъзилар юмшоқ, мулойим ва меҳрибон инсон ёки табиатан қўпол, дағал, қаттиқ ва зўравон бўлиши таъкидланяпти. Ёмон инсоннинг табиати ва сифатлари шўрлаган, жонсиз тупроққа ўхшайди – ундан фақат зарар чиқади. Яхши табиатли ва гўзал хулқли инсонни эса, унумдор ерга қиёслаш мумкин – ундан фақат фойда чиқади. Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 58-оятида: “Пок юртнинг набототи Раббининг изни ила чиқадир. Нопок бўлгани эса, фақат қийинчилик ила чиқадир”, деб ташбеҳ қилганидек, ҳар ким ўз ерининг табиати билан фитратланган бўлади.

Шунингдек, баъзи одамларда яхши ва ёмон сифатлар аралаш бўлади. Баъзиларда ёмонлиги яхши томонидан кўпроқ, айримларда эса яхши сифатлар ёмонлигидан устун бўлади. Инсонлар худди ер каби – кимдир унумдор (яхши хулқли), кимдир ёмон, кимдир эса аралаш табиатлидир.

Таълим кўрмаган, тарбия олмаган ёки жоҳилият муҳитида яшаган одамлар гуруҳига назар солсак, улар орасида ҳам ахлоқи энг гўзал бўлганлари топилади ва яққол ажралиб туради. Улар ўз табиатида яхшироқ “маъдан”га эга, жамиятдаги хулқ-атвори ҳам энг муносиб бўлган кишилардир.

Кейинчалик шу гуруҳнинг барчасини тарбияласак ва жоҳилиятдан қутқарсак, сўнг яна умумий назар ташлаб, ким энг яхши эканига боқсак, албатта, аввалдан ажралиб турганлар яна пешқадам бўлиб чиқади. Чунки илм, тарбия ва имон ахлоқи гўзал бўлган кишини янада қувватлайди, хулқини чиройлироқ қилади, мустаҳкамлайди ва фазилатини оширади.

Бунга яна диннинг мазмун-моҳиятини англаш ва риоя этиш ҳам қўшилса, ундай инсоннинг мартабаси янада юксалади ва бу унинг бошқалардан мутлақо илгарилаб кетганини кўрсатади. Шу тариқа фазилат ва ҳурмат-эътибордаги фарқлар ҳам айнан унинг фойдасига бўлади.

Демак, табиатимиз қандай бўлмасин, чиройли хулқли бўлишга ҳаракат қилишимиз зарур экан. Шундагина ҳақиқий инсон мартабасига эриша оламиз ва дунё-ю охиратда саодатга муяссар бўламиз. Зеро, инсон фақат табиати билан эмас, ўзини қандай тарбиялаши билан баҳоланади. Маъдан таркибидаги модда қанчалик қиммат бўлса, уни қазиб олиш ва тозалаб ажратиш шунчалик кўп меҳнат талаб қилганидек, яхши хулқ ҳам саъй-ҳаракат ва тинимсиз тарбия билан шаклланади.

Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ – ИЖТИМОИЙ ҲОДИСА

Муқаддас динимиз таълимотида фарзанд Аллоҳ таоло инсонга берган энг улуғ неъматлардан бўлиши баробарида, у омонат …