Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ташкил этилган “Мовароуннаҳрда ислом цивилизациясининг шаклланиши” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференциянинг иккинчи куни ҳам қизғин илмий баҳслар ва долзарб маърузаларга бой бўлди. Олимлар Мовароуннаҳр илмий мактабларининг жаҳон тамаддунидаги ўрнини замонавий талқинлар асосида таҳлил қилиб, тафсир илми, маданий ҳамкорлик ва Имом Бухорий меросидаги умуминсоний қадриятларнинг аҳамиятини атрофлича очиб берди.


Анжуманнинг энг эътиборли жиҳатларидан бири — ислом тадқиқотларида рақамли технологиялардан фойдаланиш масаласи бўлди. Хусусан, сунъий интеллектнинг илмий-таҳлилий салоҳияти ва реал имкониятлари ҳақидаги мунозаралар нодир қўлёзмаларни ўрганиш ҳамда манбашунослик йўналишида янги уфқларни очиб берди. Бу соҳада методологик ёндашувларни янгилаш ва инновацион воситалардан унумли фойдаланиш келгуси тадқиқотларнинг устувор йўналиши сифатида эътироф этилди.


Шунингдек, тадбир давомида Имом Бухорий, Имом Термизий ва Нажмиддин Кубро сингари буюк алломаларнинг асарларини ўрганиш бўйича энг янги илмий изланишлар тақдим этилди. Якуний босқичда Ўзбекистон ва хорижлик ёш олимларнинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш юзасидан муҳим тавсиялар қабул қилинди.

Шу билан нуфузли халқаро анжуман ўз ишини муваффақиятли якунлади. Фаол иштирокчиларга сертификатлар топширилди.

Икки кунлик халқаро мулоқот Самарқанднинг жаҳон илм-фани ва маданияти маркази сифатидаги мақомини яна бир бор намойиш этди. Нафақат тарихий ҳақиқатларни тиклаш, балки ислом цивилизациясининг инсонпарварлик моҳиятини тарғиб қилишда улкан аҳамият касб этган ушбу конференция хулосалари соҳа тадқиқотларини тизимли давом эттиришда муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилади.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





