Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / Самарқанд илҳоми

Самарқанд илҳоми

Малайзия халқаро ислом университети (IIUM) профессори Шукрон Абдураҳмоннинг «From Samarqand with Love: A Memoir Across Six Cities» («Самарқанддан муҳаббат ила: Олти шаҳар хотиралари») номли китоби чоп этилди. Асар муаллифнинг Самарқанддаги илмий фаолияти ва Ўзбекистонда орттирган маънавий таассуротларини ўзида мужассам этган муҳим хотиралар тўпламини ифода этади.

2025 йилда, профессор Шукрон Абдураҳмоннинг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказидаги илмий стажировкаси (sabbatical attachment) давомида ёзилган мазкур китоб олимнинг Марказдаги якуний илмий тақдимоти чоғида илк кенг жамоатчиликка таништирилган эди.

Асар анъанавий илмий тадқиқот эмас, балки муаллиф ва унинг рафиқаси битган самимий хотиралар, кузатувлар ва ҳаётий хулосалардан иборат. Китобда Самарқанд, Тошкент, Бухоро, Макка, Мадина ва Истанбул шаҳарлари орқали кечган сафарлар тасвирланиб, уларнинг тарихий, маънавий ва маданий аҳамияти кенг ёритилади.

Муаллиф саёҳатни инсоннинг маънавий камолоти, тафаккури ва ҳаётий тажрибасини бойитувчи муҳим омил сифатида ифода этади.

Қуръони каримнинг Ер юзи бўйлаб сафар қилиш ва Аллоҳнинг оятлари ҳақида тафаккур юритишга чорловчи оятларидан илҳомланган ҳолда, турли халқлар маданияти ва тарихий меросини тадқиқ этишни, оддий инсонлар билан мулоқотда бўлиш фазилатларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юксак ахлоқи билан боғлаб талқин қилади.

Китоб ўқувчини имон, шукроналик, оилавий қадриятлар, дўстлик, камтарлик ва меҳр-оқибат каби умуминсоний фазилатлар ҳақида чуқур мулоҳаза юритишга чорлайди. Шу жиҳатдан нафақат шахсий хотиралар тўплами, балки маърифий ва маънавий аҳамиятга эга бўлган муҳим манба сифатида ҳам қадрлидир.

Профессор Шукрон Абдураҳмон Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбарияти ва жамоасига самимий меҳмондўстлик кўрсатгани ва юксак савиядаги илмий муҳит яратиб бергани учун алоҳида миннатдорлик билдирган.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жамоаси профессор Шукрон Абдураҳмонни ушбу китобнинг нашр этилгани билан самимий муборакбод этади!

Мазкур асар Ўзбекистон билан Малайзия ўртасидаги илмий-маърифий ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва маданий мулоқотнинг яна бир ёрқин намунаси бўлиб, Самарқанднинг бой илмий ва маънавий муҳити халқаро илмий-академик доиралар учун илҳом манбаи бўлиб қолаётганини яна бир бор тасдиқлайди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказнинг Telegram канали ҳам расмий мақом олди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг рақамли экотизимини шакллантириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш йўналишида навбатдаги муҳим …