Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Туркиялик докторант Имом Бухорий ҳаётининг энг сўнгги даврини ўрганмоқчи

Туркиялик докторант Имом Бухорий ҳаётининг энг сўнгги даврини ўрганмоқчи

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига аллома номидаги халқаро стипендия дастури доирасида навбатдаги хорижлик тадқиқотчи – Туркиянинг Дижла университети Илоҳиёт факультети докторанти Усома Бўзкурт илмий амалиёт ўташ учун келди.

Марказ директори Шовосил Зиёдов қабулида амалиётчи ўзининг илмий режалари ва изланишларидан кўзлаган асосий мақсадлари билан ўртоқлашди.

Усома Бўзкурт ҳадис илми султони ҳаётининг сўнгги йилларига эътибор қаратишни ният қилган бўлиб, айни пайтда “Имом Бухорий вафоти жараёнининг социологик таҳлили” мавзуси устида илмий иш олиб бормоқда. Тадқиқот доирасида улуғ муҳаддис вафоти билан боғлиқ тарихий-ижтимоий вазият, унинг ўша давр ва кейинги замонларда жамият ҳаётига кўрсатган ижтимоий таъсири социологик нуқтаи назардан илмий таҳлил қилади.

Марказ раҳбари олимнинг тадқиқот мавзусини юқори баҳолаб, Имом Бухорий мероси ва ҳаётини бундай замонавий илмий йўналишлар, хусусан, социология призмаси орқали тадқиқ этиш соҳа ривожида катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади, ишларига муваффақият тилади.

Белгиланган дастурга мувофиқ, туркиялик тадқиқотчи Марказнинг бой фондидаги нодир қўлёзма манбалар ва кутубхона имкониятларидан фойдаланади. Шунингдек, юртимизнинг қадимий илм-фан ва маданият марказлари бўлган тарихий шаҳарларига бориши ва тадқиқот доирасида ўзбек олимлари билан фикр алмашиши кўзда тутилган.

Мазкур лойиҳа доирасида йил охирига қадар хориждан яна қатор олимлар келиши ва илмий изланишлар олиб бориши режалаштирилган.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Имом Сарахсий меросига бағишланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида «Марказий Осиё ҳанафийлик мактаби шаклланишида Имом Сарахсийнинг ўрни» мавзусида халқаро …