Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Сунъий интеллект ва синергетик тафаккур: Тошкентда янги жамоавий монография тақдимоти

Сунъий интеллект ва синергетик тафаккур: Тошкентда янги жамоавий монография тақдимоти

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ўзбек фалсафаси ва замонавий илм-фани учун муҳим воқелик — “СИНЕРГЕТИКА-4: Сунъий интеллект” номли жамоавий монографиянинг тақдимоти бўлиб ўтди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Самарқанд давлат университети, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети, Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти ҳамда Самарқанд давлат педагогика институти олимлари ҳамкорлигида тайёрланган мазкур фундаментал асарнинг тақдимотида мамлакатимизнинг етакчи олимлари, академиклар, тадқиқотчилар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан бир қаторда ZOOM платформаси орқали масофадан туриб ҳам кўплаб изланувчилар иштирок этди.

Мазкур янги нашр таниқли олим, фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Тўраев илмий раҳбарлиги ҳамда унинг шогирдлари ва ҳаммуаллифлар жамоаси томонидан тайёрлаб келинаётган туркум китобларнинг мантиқий давомидир. Эътиборлиси, ушбу йўналишдаги дастлабки тадқиқот — «СИНЕРГЕТИКА: Моҳияти, қонуниятлари ва амалиётда намоён бўлиши» китоби 2017 йилда чоп этилган бўлса, тизимли изланишлар натижаси ўлароқ, 2022 йилда «СИНЕРГЕТИКА-2: Назария ва амалиёт», шундан кейин ўтган даврда эса «СИНЕРГЕТИКА-3: Маънавий мерос» китоблари нашр этилган ва кенг илмий жамоатчилик томонидан юқори баҳоланган эди. Бугун тақдим этилган тўртинчи китоб эса аввал режалаштирилган сунъий тафаккур муаммоларининг синергетик таҳлилига бағишлангани билан ажралиб туради.

Тадбирни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори ўринбосари Насиба Холдорова кириш сўзи билан очиб бергач, академик Акмал Саидовнинг “Ўзбекистонда синергетика тараққиёти истиқболлари” мавзусидаги бош маърузаси тақдим этилди. Унда сунъий интеллект даврида постнеоклассик фан йўналишларини ривожлантиришнинг давлат ва жамият ҳаётидаги стратегик аҳамияти кенг ёритилди.

Масъул муҳаррир, профессор Бахтиёр Тураев бошчилигидаги 16 фидоий олимдан иборат муаллифлар гуруҳи томонидан тайёрланиб, “VORIS-NASHRIYOT”да чоп этилган ушбу жамоавий монография олимлар томонидан юқори баҳоланди. Хусусан, тақдимот давомида сўзга чиққан расмий тақризчилар – профессорлар Исмоил Саифназаров, Дилбар Файзиходжаева, Жўрабой Яхшиликов ҳамда таҳрир ҳайъати аъзолари асарнинг юқори илмий-методологик ва фалсафий қийматини алоҳида эътироф этди.

Таъкидланганидек, мазкур китоб анъанавий ёндашувлардан фарқли равишда, сунъий интеллектни оддий техник восита сифатида эмас, балки мураккаб, ўз-ўзини ташкил этувчи ночизиқли тизим сифатида таҳлил қилиши билан илм-фанда янги саҳифа очади. Олимлар ўз чиқишларида асарнинг фанлараро интеграцияни таъминлашдаги ўрни, сунъий интеллектнинг экология, тилшунослик, аэрокосмик мониторинг, давлат бошқаруви ва ижтимоий тизимлардаги синергетик қонуниятлари изчил очиб берилганига юқори баҳо берди.

Тадбир якунида муаллифлар жамоаси, ёш тадқиқотчилар ва докторантлар иштирокида бўлиб ўтган қизғин мунозаралар ушбу тадқиқот юртимизда сунъий интеллект ва ночизиқли тафаккурнинг фалсафий ва амалий асосларини ўрганишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилишини кўрсатди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Рақамли маконда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик масалалари муҳокама марказида бўлди

Пойтахтимизда “Рақамли дунёда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик барқарорлигининг долзарб масалалари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция …