Ислом цивилизацияси бўйича халқаро эксперт, ICESCO маслаҳатчиси, Жаҳон ислом лигаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси меросини асраш комиссияси (Буюк Британия, Лондон) Бош директори Сали Шаҳсуворийдан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, профессор Шовосил Зиёдовга мактуб келди.
Унда муаллиф 7-11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида ўтказилган “I Ислом цивилизацияси форуми: Тинчлик, бағрикенглик ва маърифат йўли” халқаро конференциясига таклиф этилгани учун миннатдорлик изҳор этган.
Ушбу нуфузли анжуманда қатнашиш ўзи учун катта шараф ва унутилмас тажриба бўлганини таъкидлаган Сали Шаҳсуворий унинг доирасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлиб ўтган “Ислом мероси ва замонавий дунё” халқаро конференциясида маъруза қилиш имконияти берилганини алоҳида мамнуният билан тилга олган.
Британиялик олим форум ташкилотчилари, жумладан, Марказ жамоасини анжуманнинг юксак савияда ташкил этилгани ва ўтказилгани муносабати билан самимий қутлаган. Шунингдек, Имом Бухорий илмий-тадқиқот марказида Ўзбекистоннинг бутун башар аҳлига тааллуқли бўлган бой тарихий-маданий меросини асраш ва тарғиб қилиш йўлида олиб борилаётган самарали фаолиятни юксак баҳолаган.
Мактуб муаллифи, шунингдек, Ўзбекистонда ўзига кўрсатилган самимий меҳмондўстлик, илиқ қабул ва юқори савиядаги ташкилотчилик ишларидан мамнуният изҳор этиб, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жамоасининг касбий маҳорати ва жонбозлигини алоҳида эътироф этган.
Мактуб сўнгида Сали Шаҳсуворий Марказ раҳбарияти ва жамоасига яна бир бор самимий миннатдорлик изҳор этиб, истиқболда ўзаро ҳамкорлик янада мустаҳкамланишига қатъий ишонч билдирган. Қисқа вақт оралиғида форум доирасида муҳокама қилинган қўшма лойиҳалар юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини тақдим этишини маълум қилган.
Ушбу миннатдорлик мактуби “I Ислом цивилизацияси форуми” халқаро майдонда юксак баҳолангани ҳамда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг халқаро илмий ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришдаги ўрни ва аҳамияти ортиб бораётганининг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





