Home / МАҚОЛАЛАР / МУҚАДДАС ДИНИМИЗ МОҲИЯТИНИНГ НОТЎҒРИ ТАЛҚИН ҚИЛИНИШИ ВА УНИНГ ИЖТИМОИЙ ҲАЁТГА ТАЪСИРИ

МУҚАДДАС ДИНИМИЗ МОҲИЯТИНИНГ НОТЎҒРИ ТАЛҚИН ҚИЛИНИШИ ВА УНИНГ ИЖТИМОИЙ ҲАЁТГА ТАЪСИРИ

XXI аср глобаллашув шароитида ахборот узатиш тизими жадал ривожланмоқда. Ижтимоий тармоқлар орқали ҳар сонияда турли кўринишдаги хабар ва янгиликлар тарқатилмоқда. Бундай жараёнда айрим шахслар интернет орқали мўмайгина пул топаётган бўлса, яна кимдир қимор ўйинига алданиб қолмоқда. Яна кимдир бирор тилни ўрганаётган бўлса, бошқа биров ўз эътиқодидан келиб чиқиб, динни ўрганмоқда. Аммо, масаланинг энг нозик жиҳати шундан иборатки, баъзи ёшлар мазкур жараёнда динни нотўғри талқин қилаётганлар тузоғига илинмоқда.

Сўнгги пайтларда турли ижтимоий тармоқларда муқаддас динимизни нотўғри талқин қилиб, ўзини ҳидоятга чорловчи уламо сифатида кўрсатувчи сохта олимлар кўпаймоқда. Аслида улар дин борасида етарлича билимга эга эмас. Шундай бўлса-да, бундай кимсалар қанчадан-қанча инсонларни, айниқса, ҳали дин борасида етарли илмга эга бўлмаган ёшларни тўғри йўлдан адаштирмоқда. Бу эса, динимиз тўғрисида нотўғри тасаввурнинг пайдо бўлишига олиб келмоқда. Хусусан, айрим инсонлар онгида дин – бу қўпорувчилик, бузғунчилик, қотиллик деган тасаввур шаклланган. Буларнинг барчаси ўша сохта олимлар тарғиботи, диний илмнинг етарли эмаслиги ва вақтни беҳуда сарфлаш оқибатидир. Бундай кимсаларнинг асл мақсади дин арконларини инкор қилиш, одоб-ахлоқ, миллатлараро ва динлараро муносабатларни издан чиқаришдир.

Демак, ҳар қандай ном остидаги зулм вa зўрaвoнлик, турли кўринишдаги жиноятлар, гарчи у ислом дини номидан содир этилаётган бўлса ҳам, муқаддас динимиз aқидaси ва таълимотига мутлақо зиддир.

Хўш, бундай сохта йўлбошчилар ижтимоий ҳаётимизга қай даражада зарарли? Буни қуйидагиларда кўришимиз мумкин:

  1. Жамият барқарорлиги ва унинг ўсиш суратларига салбий таъсир кўрсатади.

Бундай шахслар томонидан илгари сурилаётган бузғунчи ғоялар аҳоли орасида қўрқув ва ишончсизликни келтириб чиқариб, турли миллат ва дин вакиллари ўртасида низо чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Аслини олганда, ислом дини ўзининг илк давридаёқ бағрикенглик дини сифатида намоён бўлган. Муқаддас динимиз таълимотида инсонларга нисбатан мурувватли ва очиқ юзли бўлишга буюрилади. Ўзга дин вакилларига нисбатан эса бағрикенг муносабатда бўлиш тарғиб этилади. Бу хусусда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: (Эй мўминлар), сизлар Аҳли китоблар билан фақат энг чиройли услубда мунозара қилинглар…”[1]. Мазкур оятда Аллоҳ таоло бошқа дин вакиллари билан чиройли услубда муомала қилишга буюрмоқда.

  1. Ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатади.

Диний ва дунёвий илми етарли бўлмаган айрим ёшлар интернет орқали тарғиб қилинаётган ғояларга эргашиши, бунинг ортидан турли ноқонуний гуруҳлар тузоғига илиниши мумкин. Натижада, бундай ёшлар таълим, меҳнат ва соғлом ҳаётдан узоқлашади.

Юртимизда динни нотўғри талқин қилишнинг олдини олиш учун қуйидаги ишлар ишлар амалга оширилмоқда:

  1. Аввало, бу борада қонунчилик асослари мустаҳкамланмоқда ва ноқонуний диний ташкилотлар фаолиятига чек қўйилмоқда.
  2. “Жаҳолатга қарши — маърифат” тамойили асосида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Уламолар томонидан турли медиа чиқишлар қилиниб, ислом динининг асл моҳияти тушунтирилмоқда.
  3. турли дин ва миллат вакилларининг тинч-тотув яшаши учун янада қулай шароитлар яратилмоқда.
  4. диний эркинлик ва виждон эркинлиги қонун билан кафолатланган.

Демак, динни нотўғри тарғиб қилиш жамият тараққиёти ва тинчлигига жиддий хавф туғдиради. Унга қарши курашда фақат куч ишлатиш эмас, балки маърифат, тарбия ва аҳоли онгини юксалтириш муҳим аҳамиятга эгадир.

Юртимизда ислом эзгулик ва бағрикенглик дини экани тўғрисидаги тушунчани аҳоли онгига етказиш мақсадида қуйидаги ишлар амалга оширилмоқда:

  1. Жаҳонда мавжуд радикал оқимлар фаолияти юртимиз учун ҳам муайян хавф туғдириши мумкин. Шу боис мамлакатимизда адашган тоифаларга қарши қатъий сиёсат олиб борилмоқда. Ёшларнинг диний саводхонлигини ошириш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада йўл хариталари ишлаб чиқилмоқда. Айниқса, интернет орқали тарқатилаётган бузғунчи ғояларга қарши маърифий кураш муҳим аҳамият касб этмоқда.
  2. Юртимиз азалдан Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашгани сабабли, турли миллат ва дин вакиллари тинч-тотув яшаб келаётган мамлакат ҳисобланади. Бугунги кунда мамлакатимизда ислом, православ, католик, протестант, яҳудий ва бошқа диний конфессиялар эркин фаолият юритмоқда. Давлат сиёсатида диний бағрикенглик ва виждон эркинлигини таъминлаш муҳим ўрин тутади. Бу эса, мамлакат барқарорлиги ва ижтимоий тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
  3. Юртимиз халқаро миқёсда ҳам диний бағрикенглик ва маърифат ғояларини илгари сурмоқда. Самарқанд, Бухоро ва Тошкент каби шаҳарларда халқаро турли тадбирлар, конференциялар ўтказилиб, ислом динининг инсонпарварлик моҳияти тарғиб қилинмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугунги кунда жаҳонда кечаётган диний жараёнлар инсоният тараққиётига ҳам ижобий, ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу сабабли ҳар бир давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳам, диний бағрикенглик, маърифат ва тинчлик тамойилларига таянган ҳолда сиёсат юритиши муҳим аҳамиятга эгадир.

1] Анкабут сураси, 46-оят.
Машраб ХИДИРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

Ҳадислар – ёшлар тарбиясининг маънавий пойдевори

Жамият тараққиёти ва миллат келажаги бевосита ёш авлоднинг қандай тарбия топишига боғлиқдир. Ёшларни маънан етук, …