Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Имом Сарахсий меросига бағишланди

Имом Сарахсий меросига бағишланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида «Марказий Осиё ҳанафийлик мактаби шаклланишида Имом Сарахсийнинг ўрни» мавзусида халқаро онлайн семинар бўлиб ўтди.

Унда Қирғизистон-Туркия Манас университети Илоҳиёт факультети Исломшунослик кафедраси мудири, доцент доктор Айитмамат Кариев Zoom платформаси орқали маъруза қилди.

Олим ислом ҳуқуқи тарихида ҳанафийлик мазҳабининг шаклланиш босқичлари, бу ҳуқуқий мактабнинг Марказий Осиёда ривожланиш жараёнлари ва Бухоронинг ҳанафийлик илм-фани маркази сифатидаги ўрни ҳақида сўзлади. Шунингдек, Имом Абу Ҳанифа илмий меросининг минтақадаги давомчилари, Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Ўзган каби илм марказлари намояндаларининг фиқҳ илми тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида маълумот берди.

Маърузанинг асосий қисмида буюк фақиҳ Имом Сарахсий ҳаёти ва илмий мероси таҳлил қилиниб, унинг қаламига мансуб «Ал-Мабсут», «Усулус Сарахсий», «Шарҳус Сиярил кабир» каби асарларнинг ҳанафий ҳуқуқшунослиги ривожидаги аҳамияти очиб берилди. Шу билан бирга, олимнинг фиқҳий масалалар ечимида маҳаллий урф-одатларни инобатга олиш тамойили, Марказий Осиё халқларининг диний-ҳуқуқий тафаккурини шакллантиришдаги ўрни ҳамда туркий исломий илмий анъаналарнинг ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида илмий мулоҳазалар билдирилди.

Семинар давомида Имом Сарахсийнинг илмий меросини ўрганиш, унинг фиқҳий қарашларини замонавий тадқиқотлар нуқтаи назаридан таҳлил қилиш ва Марказий Осиё ҳанафийлик мактабининг ўзига хос хусусиятларини чуқур тадқиқ этиш юзасидан фикр алмашилди.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди ва бу йўналишда илмий ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича таклифлар билдирди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази профессори нуфузли халқаро журналда илмий мақола эълон қилди

International Journal of Artificial Intelligence and Machine Learning халқаро илмий журналида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот …