Пойтахтимизда “Рақамли дунёда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик барқарорлигининг долзарб масалалари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Глобаллашув ва ахборот технологияларининг жадал ривожланиши шароитида энг долзарб ҳисобланган мавзулардан бирига бағишланган мазкур нуфузли тадбир Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, Ўзбекистондаги ШҲТ Халқ дипломатияси маркази, Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ҳамда Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Конференцияда Олий Мажлис депутатлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижлик экспертлар, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, диний конфессиялар раҳбарлари ва ёшлар ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Ялпи мажлис давомида кун тартибидаги энг муҳим йўналишлар бўйича соҳа экспертларининг маърузалари тингланди. Конференция дастурига мувофиқ, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими, фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Бахтиёр Турсунов “Ислом дини ва ўзбек халқи миллий қадриятларида бағрикенглик тамойили тарғиби” мавзусида маъруза қилиб, кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимиз негизида азалдан ўзаро ҳурмат, тинчликсеварлик ва бағрикенглик тамойиллари мустаҳкам ўрин олганини илмий асослар билан очиб берди. Айниқса, буюк аждодларимиз, хусусан, Имом Бухорий сингари алломаларимизнинг бой маънавий мероси инсонийлик ва диний бағрикенглик ғояларини кенг тарғиб қилишда бугунги рақамли асрда ҳам беқиёс аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

– Бугун айрим давлатлар ва ҳарбий-сиёсий кучлар ўртасида юзага келаётган кескинлик тинчлик ва барқарорликка раҳна солмоқда. Бу эса баркамол шахсни тарбиялаш орқали жамиятда инсонпарварлик, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик каби эзгу тамойилларни мустаҳкам қарор топтиришни тақозо этади. Бағрикенглик тамойили турли дин, ирқ ва миллат вакилларининг тинч-тотув яшашини, ҳар кимнинг эътиқод эркинлигини тан олиш ва ҳурмат қилишни англатади, – деди маърузачи.
Тадбирда иштирокчилар рақамли маконда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, ёшларнинг ахборот маданиятини юксалтириш ва бу йўналишда халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган амалий таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқди.

Конференция Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, жамиятда тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш йўлидаги муҳим ва тизимли қадамлардан бири бўлди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





