Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / “Мовароуннаҳр ёзги семинарлари”нинг қамрови кенгаймоқда

“Мовароуннаҳр ёзги семинарлари”нинг қамрови кенгаймоқда

Туркиянинг Анқара шаҳридаги Ислом тафаккури институтида “Мовароуннаҳр бешинчи ёзги семинарлари” доирасидаги малака ошириш ўқувлари бошланди.

Айтиш керакки, бу мавсумдан иштирокчи давлатлар географияси сезиларли даражада кенгайди. Илмий ўқув дастурида 10 давлатдан келган 30 тадқиқотчи иштирок этмоқда. Хусусан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Косово, Босния ва Герцеговина, Болгария, Татаристон (Россия Федерацияси)дан вакиллар жам бўлган.

Юртимиздан борган 5 иштирокчи орасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бошлиғи Жонибек Жумаев ҳам бор.

Ўқув дастурининг расмий очилиш маросимида Ислом тафаккури институти раҳбари, профессор Меҳмет Гўрмез ва профессор Бинямин Эрўл иштирокчиларга табрик ва қутлов сўзларини йўллади.

Маросим доирасида Ж.Жумаев институт раҳбариятига Марказ жамоасининг самимий саломлари ва эзгу тилакларини етказиб, эсдалик совғалари ва ҳадяларини тақдим этди.

Маълумот учун: мазкур халқаро илмий семинар илк бор ташкил этилганда, унда фақат ўзбекистонлик тадқиқотчилар қатнашган бўлса, кейинги йилларда Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа давлатлар вакиллари қўшилиб борди. Бу йил эса, таъкидланганидек, иштирокчи давлатлар сони ўнга етди.

Бир ой давом этадиган машғулотларда соҳанинг нуфузли олимлари томонидан иштирокчиларга диний-маърифий соҳадаги муҳим фанлар ва Мовароуннаҳр илмий мактаби мероси бўйича сабоқ берилади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Имом Сарахсий меросига бағишланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида «Марказий Осиё ҳанафийлик мактаби шаклланишида Имом Сарахсийнинг ўрни» мавзусида халқаро …