Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида маҳаллий ва хорижий бухорийшунос олимлар, тадқиқотчилар ва етакчи илмий-таълим муассасалари вакиллари иштирокида “Имом Бухорий – муҳаддислар султони” мавзусида VIII анъанавий халқаро анжуман ўтказилди.

Форум аввалида иштирокчилар Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди. Табаррук анъанага мувофиқ, дастлаб буюк муҳаддиснинг шоҳ асари — “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ”дан биринчи ва охирги ҳадислар ўқилди. Сўнг Қуръони каримдан оятлар тиловат қилиниб, халқимизга тинчлик-омонлик, юртимизга қут-барака ва илм аҳлига куч-ғайрат тилаб, дуолар қилинди.

Тадбир Туркиядаги Ҳадис тарихи жамияти, Дижла университети, Ироқдаги Мавсул академияси, Татаристондаги Булғор ислом академияси (Россия), шунингдек, Тошкент ислом институти, Ҳадис илми мактаби, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ҳамкорлигида гибрид (офлайн ва онлайн) форматда ташкил этилди.
Анжуман очилишида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ҳамда Ҳадис илми мактаби ректори Барот Амонов буюк муҳаддис қолдирган бой илмий ва сўнмас маънавий меросни ўрганиш ва халқаро миқёсда кенг оммалаштиришда муассасалараро ҳамкорликнинг ўрни ва аҳамияти ҳақида сўзлади.

Илмий муҳокамалар асосан Имом Бухорийнинг ислом цивилизациясида тутган ўрни, ҳадис илми анъаналарининг шаклланиши ва тараққий топишидаги беқиёс хизматлари ҳамда ҳадисшуносликнинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асаридаги методологик асослари атрофида кечди. Мулоқотларда шоҳ асарнинг “Китобул илм” (Илм китоби) бўлими таҳлили, хатм манбалари ва у билан боғлиқ анъаналар, шунингдек, алломанинг фавқулодда феноменал хотираси ва илмий салоҳиятига доир тадқиқот натижалари кўриб чиқилди. Бундан ташқари, Янги Ўзбекистонда Имом Бухорий меросини асраб-авайлаш, тадқиқ ва тарғиб этишга қаратилаётган давлат эътибори эътироф этилди.

Муҳокамалар жараёнида мутахассис ва тадқиқотчилар жамоатчилик эътиборига молик бир қатор муҳим ва теран мулоҳазаларни илгари сурди. Хусусан, ҳадисларни саралашда Имом Бухорий қўллаган ўта талабчан ва аниқ меъёрлар шунчаки ўтмишга оид академик қоидалар бўлмай, бугунги ахборот хуружи ва сохта даъволар кўпайган замонда ахборотни тўғри саралаш ва манбанинг ишончлилигини текширишда бебаҳо дастуруламал экани таъкидланди.

Шунингдек, “Саҳиҳул Бухорий”нинг айнан “Китобул илм” (Илм китоби) бўлимига алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмаслиги, аллома ўз асарида ҳадислардан олдин илм олиш ва унинг жамият тараққиётидаги ўрнини биринчи ўринга қўйгани манбашунослик нуқтаи назаридан юксак аҳамиятга эгалиги қайд этилди. Бундай ёндашув Имом Бухорийнинг тенгсиз хотираси ва манбаларни текшириш масаласига ўта масъулиятли муносабати билан чуқур уйғунлашиб, бугунги тадқиқотчилар учун тизимли илмий интизомнинг ёрқин намунасини намоён этади.

Аллома асарларини, унга шарҳ ёзиш анъаналарини академик ёндашув асосида оммабоп тарзда турли тилларга ўгириб, жамиятларга тақдим этиш орқали ислом тафаккурининг асл маърифий ва инсонпарварлик моҳиятини бутун дунёга тўғри етказиш мумкинлиги алоҳида эътироф этилди.
Тадбир якунида бу мавзуга тааллуқли йўналишларда халқаро илмий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, манбашунослик соҳасидаги қўшма тадқиқотларни кенгайтириш ва бухорийшунослик бўйича янги лойиҳаларни изчил давом эттириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





