Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастурининг Марказда амалиёт бошлаган совриндори, Туркиядаги Дижла университети докторанти Усома Бўзкурт ўз тадқиқотларининг тақдимотини ўтказди.

Олим ислом олами ва жаҳон илм-фани хазинасига беқиёс ҳисса қўшган буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳаёти ва у зот вафотидан кейин содир бўлган ижтимоий ҳодисаларни замонавий фанлар туташган нуқтада – “ўлим социологияси” доирасида таҳлил қилиб берди.
Ҳаётлик чоғида адолатсизлик ва сургунликка учраган улуғ сиймоларнинг вафотидан кейин жамият томонидан қайта эътироф этилиши – “иродаи эътибор” (нуфузнинг “қайтиши” – тикланиши) тарихан кўп тасдиқланган феномендир. Имом Бухорийнинг ҳаёти, айниқса умрининг сўнгги йиллари ва ундан кейинги давр мана шу концепция асосида ўрганилганда, аллома шахсияти ва у қолдирган мероснинг ижтимоий таъсир кучи янгича қирралари билан намоён бўлади.
Тадқиқотчи ислом дунёсидаги энг нуфузли олти ҳадис тўплами (“Кутуби ситта”)дан бештаси айнан Хуросон ва Мовароуннаҳр уламолари томонидан ёзилгани тасодиф эмаслигини қайд этди. Бу ҳудудда теран фикрлаш, раъй аҳли ва фалсафий баҳсларнинг кучли ривожлангани маҳаллий муҳаддисларда маълумотларни аниқ тизимга солиш, таснифлаш қобилиятини шакллантирган. Имом Бухорий ўз “Саҳиҳ”ида қўллаган гўзал ва мантиқан комил бўлган боб сарлавҳалари ана шу интеллектуал муҳит маҳсулидир (“раъй аҳли” деганда, ислом ҳуқуқшунослиги (фиқҳ) тарихида оят ва ҳадисларнинг матнлари билан бир қаторда, ақлий далиллар, қиёс ва мантиққа кўпроқ суянувчи илоҳиёт мактаби вакиллари тушунилган. Уларга зид ўлароқ фақат нақлга – матнга суянувчилар «ҳадис аҳли» дейилган. Мовароуннаҳр заминида мана шу раъй мактаби жуда кучли бўлган. Уламолар бу икки жамоанинг вазифасини таърифлаб, “раъй аҳли вазирларга – масалани муҳокама қилиб, тўғри йўл топувчиларга, ҳадис аҳли эса, хабарчиларга ўхшаш”ини айтган.Тарихда икки йўналиш ҳам ислом ҳуқуқшунослиги ривожига улкан ҳисса қўшган, вақт ўтиши билан улар бир-бирини тўлдирувчи мактаблар сифатида уйғунлашиб кетган).

Яхши маълумки, буюк муҳаддиснинг ҳаёти синов ва машаққатлардан холи кечмаган. Нишопурда авж олган “Қуръоннинг яратилгани” (“халқул Қуръон”) борасидаги баҳсларда адолатли илмий позицияда туриб, Мусҳақи шарифнинг ўзи маҳлуқ (яратилган) эмаслигини, лекин банда уни талаффуз қилса, бу яратилган нарса бўлишини баён қилган. Кескин қутблашган жамият бу илмий нозикликни англай олмай, алломага нисбатан жиддий тазйиқларни бошлаган.

Беҳурмат муносабат Бухоро, Пойканд ва Самарқандда ҳам кўзга ташланади. Бухоро волийси (ҳокими) ўз ҳузурига чақиртириб, фарзандларига алоҳида дарс беришни талаб қилганида, Имом Бухорий: “Мен илмни хўрламайман ва уни ҳукмдорлар эшигига олиб бормайман. Кимга илм керак бўлса, ўзи келсин!” деб, қатъий рад этган. Оқибатда сургун қилиниб, умрининг сўнгги кунларини Самарқанд яқинидаги Хартанг қишлоғида ўтказган ва кўп ўтмай вафот этган.
Вафотидан сўнг жамиятнинг Имом Бухорий шахсияти ва илмига қарашларида кескин бурилиш юз берган. Аллома дафн этилган илк кунларда унинг қабридан ўта ёқимли мушки анбар бўйи таралиб турган. Ҳаётлик чоғида у зотга зулм қилган ва ақидавий айблар қўйган кўплаб уламолар ва маҳаллий аҳоли вакиллари қилмишидан пушаймон бўлиб, олим қабри бошида тавба қилган.
Вақт ўтиши билан Имом Бухорий мақбараси нафақат зиёратгоҳ, балки эл бошига оғир кун тушганда умумхалқ дуога чиқиладиган табаррук масканга айланган.

Семинар якунида тадқиқотчи Имом Бухорий ҳаёти ва меросини замонавий ижтимоий-маданий жараёнлар доирасида ўрганиш зарурлигини таъкидлаб, мутахассислар учун муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, Мовароуннаҳр ва Хуросон олимларининг ҳадисларни тизимлаштириш, ўқиб осон тушуниладиган, кўп масалаларга ечим топишда фойдаланиш мумкин бўлган китоб ҳолида жамлашдаги юксак маҳоратини юзага келтирган бирламчи омилларни чуқуррроқ ўрганиш, шу билан бирга, Хартангдаги зиёратгоҳнинг тарихи, у ерда узоқ ва яқин ўтмишда ҳукм сурган ижтимоий-маданий динамикани тадқиқ этувчи махсус йирик лойиҳаларни амалга ошириш лозимлигини қайд этди.

Иштирокчиларда қизиқиш уйғотган бу илмий мулоқот истиқболдаги қўшма тадқиқотлар учун муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





