Home / МАҚОЛАЛАР / ЭЪТИРОФ (2-қисм)

ЭЪТИРОФ (2-қисм)

 Мазкур ислоҳотлар диний соҳани ҳам четлаб ўтмади. Янги Ўзбекистонда диний соҳада катта ўзгаришлар амалга оширилди. 2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Фармонда “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканини кенг ёритиш ва бу соҳадаги илмий-маърифий фаолиятни жадаллаштириш кўзда тутилган.

 Илгари дин масаласига кўп ҳолларда чеклов ва шубҳа билан қаралган бўлса, бугунги кунда у жамият маънавий ривожида муҳим омил сифатида эътироф этилмоқда. Давлат сиёсатида дин ва виждон эркинлиги, диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик тамойиллари устувор аҳамият касб этмоқда.

Янги сиёсатнинг асосий жиҳатлари қуйидагилардан иборат:

  • диний соҳадаги сунъий чекловларни бартараф этиш;
  • диний таълим муассасаларини кенгайтириш;
  • масжидлар сонини кўпайтириш;
  • виждон эркинлигини амалда таъминлаш;
  • жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш;
  • диний соҳада цензура ва ортиқча назоратни юмшатиш.

Бундай ислоҳотлар натижасида фуқароларнинг ўз диний эътиқодини эркин амалга ошириш имконияти кенгайди.

БМТ минбарида Президентимиз томонидан ислом дини ҳақида айтилган фикрлар халқаро резонансга сабаб бўлиб, сиёсий доираларда ислом дини ҳақида ижобий фикрлар ривожига сабаб бўлди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқларида ислом динининг асл моҳияти тинчлик, бағрикенглик, илм ва маърифат эканини доимий равишда таъкидлаб келади. Шунингдек, у халқаро майдонда ҳам ислом динини терроризм билан боғлаш мутлақо нотўғри экани ҳақидаги фикрларини қатъий равишда билдириб келмоқда. Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида ҳам ислом динининг асл моҳиятини алоҳида таъкидлаб ўтди:

“Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз.  Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади. … Буюк алломаларимиз қолдирган мерос бутун инсоният мулкидир. … Ислом динини зўравонлик ва қон тўкиш билан боғлаш мутлақо нотўғри. Ислом – тинчлик, инсонпарварлик ва маърифат динидир”.

Бу фикрлар орқали Президентимиз халқаро майдонда ислом динига нисбатан шаклланган нотўғри қарашларга қарши қатъий позициясини билдирди. Айниқса, баъзи экстремистик гуруҳлар ўз манфаатлари учун муқаддас динимизни ниқоб қилиб олаётганини алоҳида таъкидлади. Президентимизнинг бу сўзлари халқаро миқёсдаги сиёсий арбоблар томонидан кенг эътироф этилди.

Бундан ташқари, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзининг кўплаб нутқларида ислом динининг илм ва маърифатга чорловчи дин эканини таъкидлаб келади. Унинг таъкидлашича, “Ислом дини – бу аввало илм, маърифат ва маданият динидир, муқаддас динимиз инсонни илмга, маърифатга ва эзгуликка чорлайди.” Бу фикрлар ислом динининг ҳақиқий маърифий руҳини қайта тиклашга қаратилган.

Ислом цивилизацияси тарихида буюк алломалар етишиб чиққан. Улар нафақат диний илмларда, балки тиббиёт, математика, астрономия ва фалсафа каби соҳаларда ҳам улкан кашфиётлар қилган. Президентимиз 2017 йилда БМТ минбарида туриб буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳақида алоҳида тўхталиб ўтган эди. Имом Бухорий ислом оламининг энг буюк муҳаддисларидан бири бўлиб, унинг “Саҳиҳи Бухорий” ҳадислар тўплами ислом динида Қуръондан кейинги энг ишончли манба ҳисобланади. Президентимиз бу ҳақида қуйидаги фикрларни билдирган эди: “Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этмоқчиман.

Ана шундай буюк алломалардан бири Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисобланган “Саҳиҳи Бухорий”нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган.

Бу улуғ зотнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифий ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида биз Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилдик. Тошкентда ташкил этилаётган Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ҳам шу мақсадга хизмат қилади”.

Президентимизнинг бу сўзлари халқаро миқёсдаги нуфузли сиёсий арбоблар томонидан эътироф этилиб, юксак даражада қабул қилинди.

Бу борада Туркия Президенти буюк муҳаддис Имом Бухорий номи бундай олий минбарда биринчи марта тилга олинганини мамнуният билан қайд этди. У бу ҳақида: “Бу юксак минбардан Имом Бухорий ҳазратларининг мўътабар номи биринчи марта янгради”, деган эди.

Бу даврда Президентимиз ташаббуси биланМеҳр-1, 2, 3, 4” операциялари амалга оширилди. Бу операциялар орқали Сурия, Ироқ, Афғонистон каби уруш ҳудудларидан оғир аҳволга тушиб, чорасиз қолган 438 нафар аёл ва болалар мамлакатимизга олиб келинди. “Меҳр-5” операцияси натижасида эса Сурия ҳудудидаги уруш кетаётган қайноқ нуқталарга бориб қолиб, “Aл-Хол” лагерида уч йилдан ортиқ вақт давомида ушлаб турилган 24 нафар аёл ҳамда 69 нафар бола юртимизга қайтарилди. Уларга тиббий, ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатилди. Жамиятга қайта мослаштириш ишлари амалга оширилди. Бу операция халқаро миқёсда катта эътирофга сазовор бўлди.

Ўзбекистонга ташриф буюрган БМТнинг терроризмга қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича махсус маърузачиси Ни Аолайн хоним Ўзбекистон ҳукуматининг Сурия, Ироқ ва Афғонистондан аёллар ва болаларни қайтариш ва уларни жамиятга мослаштириш бўйича амалга ошираётган ишларини юксак баҳолади. У бу ҳақида: “Оила бирлиги ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга асосланган ўзбек модели репатриация қилиш, бола манфаатини кўзлаш, сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий воситалар, ҳаракатлар орқали оловли ҳудуддан қайтган аёлларни самарали реинтеграция қилиш бўйича энг яхши амалиётнинг намунасидир. Репатриация ва реинтеграциянинг ўзбек модели бошқа ҳукуматлар ўз фуқароларини оловли ҳудудлардан қайтариши учун йўл харитаси сифатида хизмат қилади”, дея қайд этди.

Юртдошларимизни пойтахт аэропортида кутиб олишда иштирок этган муфтий Нуриддин Холиқназаров (ўша вақтларда Тошкент шаҳри бош имоми бўлган) бу ҳақда: “Ватан – инсон учун энг улуғ, энг муқаддас мужда. Шахсан Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган “Меҳр” операциялари узоқ элларда сарсон-саргардон юрган, кўз-кўриб, қулоқ эшитмаган қийинчиликларни бошидан кечирган юртдошларимизни диёримизга қайтариб, уларга яна Ватан деган обод манзилда хотиржам яшашдек улкан бахтни ҳадя этиш мақсадини кўзда тутади. Бу амаллар беқиёс савобга йўғрилгандир”, деган эди.

Президентимиз томонидан хато қилганларни кечириш, уларни афв этиш бўйича ҳам жуда катта ишлар амалга оширилди. Нотўғри йўлга кириб, жазони ўташ муассасаларида сақланаётган қарийб 20 мингга яқин шахслар афв этилиб, ижтимоий ҳаётга реабилитация қилинди. Адашган шахсларни жамиятга қайта интеграция қилиш учун улкан ишлар амалга оширилди.

Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

САМАРҚАНДДАГИ ГЎРИ АМИР МАҚБАРАСИНИНГ ТАРИХИЙ ЗИЁРАТГОҲ СИФАТИДАГИ ЎРНИ

Гўри Амир мақбараси Самарқанд шаҳрида жойлашган улуғвор тарихий ёдгорлик бўлиб, нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун ислом …