Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Илм ва маърифат йўлидаги инновацион ҳамкорликнинг янги босқичи

Илм ва маърифат йўлидаги инновацион ҳамкорликнинг янги босқичи

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида таълим, амалиёт ва илмий-тадқиқот йўналишларида инновацион алоқаларни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш мақсадида Тошкент шаҳридаги “Peshqadamlar Karvoni” муассасаси билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Унда мазкур келишув икки томон учун ҳам манфаатли экани, иккала муассасанинг ҳам диний-маърифий соҳадаги, айниқса, жамиятда китобхонлик маданиятини юксалтириш, алломаларимизнинг илмий меросини кенг ёйиш борасидаги хайрли фаолияти алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, Марказ ходимлари ҳам аҳоли, айниқса ёшларда мутолаа кўникмасини янада ошириш ишларига улкан ҳисса қўшиб келаётгани, хусусан, Марказ нашрлар бўлими мутахассиси Муҳаммадиқбол Шукуров ўз хонадонида 2000 дан зиёд китоб фондига эга кутубхона ташкил қилиб, маҳалла аҳлига хизмат кўрсатаётгани ибратли намуна сифатида тилга олинди.

Марказ директори Ш.Зиёдов муассаса билан кўп йиллик алоқалари ноширлик ва илмий анжуманлар йўналишидаги шериклик асносида изчил ривожланиб келаётганини алоҳида таъкидлади. Марказ раҳбари истиқболдаги лойиҳаларда кенг ходимлар таркиби, хусусан, тадқиқотчи хотин-қизлар иштирокини ҳам фаоллаштириш лозимлигини қайд этди. Шунингдек, халқаро миқёсдаги тадбирлар ва Тоқи Заргарон мадрасаси каби тарихий масканларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш таклифи илгари сурилди.

Маълумот ўрнида, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг илмий-маърифий фаолиятини давом эттириш мақсадида ташкил этилган “Peshqadamlar Karvoni” муассасаси таркибида йирик медиа лойиҳалар (muslimaat.uz сайти, “Омина” журнали), “Пешқадам илмий маркази”, “Китобқанд” бепул кутубхонаси ҳамда хотин-қизлар учун ижтимоий-руҳий кўмак лойиҳалари муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда.

Имзоланган меморандумга биноан томонлар қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, илмий-амалий анжуманлар ташкил этиш, экспертлар ҳамжамияти билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш ва ўзаро медиа контент алмашиш каби йўналишларда шерикликни тизимли давом эттиради. Ҳамкорлик доирасида биргаликда илмий тадқиқотлар ўтказиш, ўзаро мақолалар алмашиш, ҳамкорликда журналлар чиқариш ва таржима ишларини жадаллаштириш каби муҳим истиқболли вазифалар ҳам белгилаб олинди.

Тадбир якунида анъанага кўра икки томонлама китоблар тақдим этилди. “Peshqadamlar Karvoni” жамоаси Марказимиз фондига Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг машҳур “Ҳадис ва Ҳаёт” ҳамда “Олтин силсила” туркум китоблари жамланмасини тақдим этди. Марказ томонидан эса меҳмонларга нашрлар тўплами туҳфа қилинди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Имом Бухорий мақбараси тарихига оид янги тадқиқот тақдимоти

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида халқаро стипендия дастури доирасида навбатдаги илмий семинар ўтказилди. Унда Индонезиянинг …