Боқий мерос
Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида алломалар илмий меросини ўрганиш борасидаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу йўналишдаги чора-тадбирлар учун мустаҳкам ҳуқуқий асосларни яратилди. Хоссатан, 2017 йил 27 март куни давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.
Мазкур қарорда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 2016 йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган 43-сессиясида мамлакатимиз томонидан илгари сурилган ташаббус асосида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш белгиланди.
Марказ фаолиятининг асосий вазифалари этиб Имом Бухорий ҳамда бошқа буюк мутафаккирларнинг улкан илмий ва диний меросини ўрганиш, ислом цивилизациясининг умуминсоний қадриятларини, жумладан, халқимиз маънавияти ва маданияти ривожидаги ўрни ҳамда аҳамиятини илмий жиҳатдан тадқиқ этиш каби масалалар белгилаб берилди. Ушбу қарорнинг қабул қилиниши Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятини самарали ташкил этиш, илмий салоҳиятини ошириш ва буюк алломалар меросини чуқур ўрганиш борасидаги ишларни янада жадаллаштиришга хизмат қилди.
Шунингдек, Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш, ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ватандошларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солинган ҳадис илми мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш ҳамда ислом дини асослари ва ҳадис илмини мукаммал ўзлаштирган олий маълумотли етук мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Ҳадис илми мактаби ташкил этилди.
Қуръони карим ва ҳадисларнинг асл моҳиятини, ҳадис илмининг илмий-назарий асосларини чуқур ўрганган, ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ ватандошларимизнинг улкан илмий меросини пухта ўзлаштирган, ҳадисшунослик соҳасида илмий изланишлар қилиш кўникмасига эга мутахассисларни тайёрлаш Ҳадис илми мактабининг асосий вазифалари этиб белгиланди. Шунингдек, ҳадисшунослик мактаби шаклланиши ва ривожланиши, унинг илмий-маънавий асосларини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, тадқиқ этиш ва натижалари асосида ҳадислардаги эзгу умуминсоний ғояларни халқимизга, айниқса, ёш авлодга етказиш мақсад қилиб олинди.
Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг замонавий қиёфаси ҳақида сўз юритганда, аввало, Президентимизнинг 2017 йил 14-15 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида Имом Бухорий мажмуаси ҳудудида халқаро тажрибани ўрганиш асосида илмий марказ қурилиши бўйича топшириқ берилганини ёдга олишимиз лозим. Шу муносабат билан мажмуа ҳудудига туташ 5,8 гектар ер майдони илмий марказ ҳамда унинг қаршисида 3 та уч қаватли турар жой қурилиши учун ажратилган.
Президентимизнинг 2018 йил 17-18 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари асосида Имом Бухорий мажмуасини қайта қуриш лойиҳа-таклифи ҳамда Хартанг қишлоғининг бош режа-лойиҳаси маъқулланди.
Халқаро илмий марказ қурилишининг умумий лойиҳа қиймати 122 миллиард сўмни ташкил этди. Шу билан бирга, илмий марказ қаршисида 3 та икки қаватли, 18 хонадонли турар жой ҳамда мажмуага олиб борувчи Оқдарё-Кулбости автомобиль йўли бўйида миллий кўринишдаги, 2 қаватли 62 та коттеж қуриб битказилди.
Ишлаб чиқилган бош режа ва лойиҳа таклифига мувофиқ, мажмуанинг умумий жойлашув ер майдони 60,4 гектарни ташкил этиб, мажмуа тўлиқ қайта реконструкция қилиниши белгиланди. Жумладан, муассасага кириш қисмидаги мавжуд бир қаватли бинолар икки қаватли қилиб қурилди.
Шунингдек, мажмуада қўшимча бино-иншоотлар — тўрт қаватли битта катта меҳмонхона, уч қаватли 6 та ўрта меҳмонхона, икки қаватли 20 та кичик меҳмонхона, супермаркет, йирик савдо маркази, деҳқон бозори, новвойхона, ресторан, учта автотураргоҳ каби қурилишлар лойиҳалаштирилди.
Зиёратгоҳ атрофида меҳмонхона ва бошқа хизмат кўрсатиш бинолари ҳам бор. Битта тўрт юлдузли, иккита уч юлдузли ва 22 та оилавий уй меҳмонхона ташкил этилди.
Имом Бухорий мажмуаси ҳудудига туташ Оқдарё-Кулбости автомобиль йўли олти тасмали этиб кенгайтирилиб, Хартанг қишлоғини 5 километр масофада тўлиқ айланиб ўтадиган қилинди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мазкур мажмуа буюк муҳаддис бобомизнинг ислом оламида тутган юксак мавқеи, улкан салоҳиятига муносиб тарзда қайтадан бунёд этилди. Зиёратчиларга ҳар томонлама қулай шароит яратилди.
Президентимиз ҳар гал Самарқандга келганида мажмуа қурилиши жараёни билан танишиб, бу жой фақат зиёрат эмас, илм-маърифат, тарбия ва ибрат маскани бўлиши, Имом Бухорийнинг буюк изланишлари, билими ҳамда камолоти зиёратчилар, айниқса, ёшлар учун эзгу намуна бўлиши кераклигини таъкидлаши бежиз эмас.
63 гектарли ушбу ҳудудга кирган одам, аввало, унинг кенглигини ва маҳобатини ҳис қилади. Масжиднинг олд қисмидаги катта ҳовуз, атрофидаги кенг майдон, гумбазлар, миноралардаги уйғунлик сезилади. Масжиднинг кириш ва айвон пештоқларида юздан ортиқ оят ва ҳадис ёзилган.
Хусусан, Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асаридан 75 та ҳадис келтирилган. Мажмуада QR-кодлар орқали кўплаб тилларда ушбу ҳадис ва оятларни ўқиш имконияти яратилган бўлиб, ташриф буюрувчилар нафақат зиёрат, балки янги илм ва маърифатдан баҳраманд бўлиб кетишлари кўзда тутилган.
Ичкарига кирган одамни, биринчи навбатда, гумбазнинг ички қиёфаси ҳайратга солади. Масжиднинг марказий қисми 40 метрдан ортиқ баландликка кўтарилган. 19 метрли асосий гумбаз ва уни ўраб турган кичик гумбазлар маҳобати кишига сокинлик беради. Мўътабар мақбара, 10 минг кишилик масжид ва маъмурият биноси, музей, кириш ва чиқиш айвонлари қуриб битказилган. Зиёратгоҳнинг 4 бурчагидаги 75 метрли миноралар унга маҳобат бағишлаган.
Бу ерда яна бир муҳим жиҳат — хотин-қизлар ибодат қилиши учун шароит яратилган. Масжиднинг ер ости қисмида намозхоналар ташкил этилган.
Масжид ичкариси ва ташқарисида жами 80 та китоб жавони бор. Зиёратчилар мутолаа қилиши учун ўн мингга яқин диний-маърифий китоб мунтазир.
Масжиднинг ички ва ташқи фасади, устун ва безаклар тўлиқ мармар тошлардан қилинган бўлиб, бу бино мустаҳкамлиги, ранглари узоқ муддатларда ўзгармаслигини таъминлайди. Иссиқ ва совуқ об-ҳаво шароити инобатга олинган. Мармар тошлар асосан Греция, Афғонистон, Туркия, Финляндия, Португалия ва Ҳиндистондан келтирилган.
Мажмуанинг ичкари ҳовлисида ҳам каттагина ўзгаришлар қилинган. Хусусан, Имом Бухорий мақбараси энига ҳам, бўйига ҳам сезиларли кенгайтирилган. Фавворалар, манзарали дарахтлар, маҳобатли устунлар безаги киши эътиборини тортмай қолмайди. Ички ҳовли ҳам бир вақтнинг ўзида минглаб зиёратчини қабул қилиши мумкин.
Яна бир муҳим жиҳат. Жаҳон илмий жамоатчилиги нафақат ислом, балки дунё цивилизацияси ривожига катта ҳисса қўшган, диний ва дунёвий фанларни бирдек ўрганиб, уларни жамият ҳаётига татбиқ эта олган Мовароуннаҳр олимларининг маънавий-маърифий меросини ўрганишга катта қизиқиш билдирмоқда. Бу борада ислом таълимоти асосларидан ҳисобланган ҳадисларни жамлаб, улар орасидан ишончлиларини ажратиб берган Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Доримий каби муҳаддис аждодларимиз ҳаёти ҳамда асарлари тадқиқи муҳим аҳамиятга эга.
Мамлакатимизда қадимий ва бой тарихимизни тиклаш ва юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар илмий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш, ёш авлодни миллий анъаналар руҳида тарбиялаш бўйича улкан ишлар қилинмоқда. Улуғларга эҳтиром кўрсатиш, улардан ҳар жиҳатдан сабоқ олишга қаратилган оқилона сиёсат юритилмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, “Бу соҳада қилаётган ишларимиздан мақсад — исломга эътиқодимизни, аллома боболаримизга ҳурматимизни илм билан билдириш. аждодларимизга муносиб бўлиш биз учун жуда катта бурч”дир. Шу мақсаддан келиб чиқиб, Имом Бухорий мажмуасида аллома ҳаёти ва илмий фаолиятини ёритувчи музей ташкил қилинди.
Имом Бухорий инновацион музейи бевосита давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 17-18 август кунлари Саудия Арабистонига давлат ташрифи давомида Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратлари ва ислом цивилизацияси музейи билан яқиндан танишиб қайтгандан сўнг, 2022 йил 24 август куни Имом Бухорий мажмуаси қурилишига ташрифи давомида берилган кўрсатмалари асосида барпо этилди.
Имом Бухорий музейини очиш масаласи ҳар қачонгидан кўра долзарб эди. Боиси, халқимиз асрлар давомида ислом оламида Қуръони каримдан кейинги асосий манба ҳисобланган “Саҳиҳул Бухорий” асаридан мосуво бўлиб келди. Ҳолбуки, хорижда Имом Бухорийнинг мазкур асари аллақачон кўплаб тилларга таржима қилинган, шарҳлари билан нашр қилинган. Алломанинг аҳамият жиҳатидан бундан кам бўлмаган бошқа асарлари ҳам бор ва улардан бутун мусулмон дунёси хабардор.
Биз Имом Бухорий ва унинг илмий меросини тадқиқ қилганимиз сайин алломанинг ҳаёт йўлини ўрганиш бугунги кундаги энг муҳим вазифалардан бири эканини теран англамоқдамиз. Олимнинг илм йўлидаги жасорати, чеккан машаққати, қувваи ҳофизаси қанчалар беназир бўлганини ўрганиш ёшларни янги илмий тадқиқотлар сари етаклайди.
Имом Бухорий мажмуаси фақат бино ва иншоотлардан иборат маскан бўлиб қолмай, инсон қалбини забт этадиган, айниқса, ёшларнинг ҳаётда адашмасдан, тўғри йўлни топишига хизмат қилувчи илмий даргоҳ, шунингдек, аллома ҳаёти ва фаолиятини акс эттирувчи электрон музейга айланмоқда. Музейда ислом дини ва хусусан, ҳадис илми тараққиёти, аллома ҳаёти, фаолияти ва илмий меросининг замонавий ахборот технологиялари орқали намойиш этилиши йўлга қўйилган.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





