Гарчи қўйнинг бир пойчаси пиширилиб, меҳмонга чақирилса ҳам, бориш керак, айниқса, солиҳ ва фақир кишилар чақирганида.
Никоҳ зиёфатига чақирилганида киши гарчи рўзадор (нафл) бўлса ҳам, бориши мустаҳаб.
Золим, фосиқ, риёкор ва бидъатчининг зиёфатига борилмайди.
Чақирилмаган жойга борилмайди. Агар икки қўшни бир вақтда зиёфатга таклиф қилса, энг яқининикига борилади. Агар иккиси ҳам бирдай яқин бўлса, қай бири билан иноқроқ бўлса, ўшаникига борилади.
Чақирилмаган кишини зиёфат эгасининг рухсатисиз эргаштириб борилмайди.
Агар таклиф қилинмаган киши бирга қўшилиб борса, соҳиби эҳсоннинг эшиги олдига келганида: “Бу кишининг ўзи эргашиб келди, рухсат берсангиз киради, акс ҳолда қайтиб кетади”, дейилади.
Меҳмон тўйга ёки бошқа тадбирга боришдан аввал озроқ таом еб олгани маъқул. Чунончи, борган жойида очкўзлик қилиб, дастурхонга ҳирс билан ёпишмасин. Мезбон қаерга ўтирғизса, меҳмон ўша ерга ўтиради. Нима берса, шуни тановул қилади. Меҳмон ҳар жойга қарайвермайди. Мезбонга таом ёки бошқа масалада буйруқ бермайди.
Меҳмонлар бир-бирларига эътироз билдирмайди. Илло, ходим ёки ошпазга йўл-йўриқ ва тавсия бериш жоиз.
Мезбоннинг рухсатисиз дастурхондан ҳеч нарса олиб кетмайди.
Кетар чоғи мезбонни дуои хайр қилиш керак.
Таомдан сўнг кетишга ижозат сўралади.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





