Тарихга назар ташласак, барча буюк цивилизациялар аввало илм-маърифатга таянганини кўрамиз. Қудратни қурол-яроғ ё бойлик эмас, билим белгилаган. Қайси халқ олимни қадрлаган бўлса, тараққиётга эришган. Қайси жамиятда илм аҳлига яхши шароит яратилган бўлса, ўша ерда маданият, иқтисодиёт ва давлатчилик юксалган.
Мовароуннаҳр тарихи бу ҳақиқатнинг ёрқин тасдиғидир. Бу заминдан етишиб чиққан юзлаб алломалар фақат бир халқ ёки бир минтақа эмас, бутун инсоният илмий тафаккури ривожига ҳисса қўшган. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Мансур Мотуридий, Бурҳонуддин Марғиноний, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний каби буюк зотларнинг илмий мероси бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас.
Уларнинг асарларига мурожаат қилганимизда бир жиҳат алоҳида эътибор тортади. Бу алломалар илмни фақат назарий билим сифатида эмас, инсонни комилликка етакловчи куч сифатида кўрган. Чунки маърифатнинг ҳақиқий мақсади инсонни камолотга бошлаш, жамиятни юксалтириш ва ҳаётни яхшилашдан иборат.
Бугунги мураккаб ва зиддиятли дунёда ана шу ғоя янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Турли мафкуравий таъсирлар, ахборот хуружлари, муросасизлик кайфиятлари ва кескинлик кучайиб бораётган бир пайтда жамиятларни бирлаштирадиган энг катта куч – бу маърифатдир. Зеро, билим бўлган жойда мулоҳаза юритилади, мулоҳаза бўлган жойда эса бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат қарор топади.
Шу маънода, сўнгги 7 кун давомида Тошкентда ўтган, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида давом этган “Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва маърифат йўли” мавзуидаги I Халқаро ислом форуми нафақат кенг қамровли халқаро анжуман, балки маърифатни тараққиётнинг асосий шарти сифатида эътироф этаётган Янги Ўзбекистоннинг бутун дунёга йўллаётган муҳим мурожаати сифатида ҳам алоҳида аҳамият касб этди.
ICESCO билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур анжуман Ўзбекистоннинг маърифатпарварлик анъаналари билан бугунги тараққиёт йўли ўртасидаги узвий боғлиқликни намоён этадиган мулоқот майдони бўлди.
Анжуманда Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Марказий ва Жанубий Осиё, Европа ва бошқа минтақалардан 300 дан ортиқ олим, тадқиқотчи, дин арбоби, эксперт ва маданият намояндаси иштирок этди. Бу эса форумни турли халқ ва маданиятлар вакиллари учрашадиган нуфузли халқаро платформага ҳам айлантирди.
Анжуманни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад ислом цивилизациясининг инсонпарварлик ва маърифатпарварлик моҳиятини кенг очиб беришдан иборат бўлди. Афсуски, баъзан ислом ҳақида гап кетганда, унинг бой илмий ва маданий меросидан кўра, унинг ниқоби остида содир бўлаётган салбий воқеалар кўпроқ тилга олинади. Ваҳоланки, ислом цивилизацияси асрлар давомида илм-фан, тиббиёт, астрономия, математика, фалсафа, меъморлик, адабиёт ва бошқа соҳалар ривожига беқиёс ҳисса қўшган.
Сиёсий воқеалар пиллапоясида ислом, аввало, китоблар тарихи, кутубхоналар тарихи, илмий баҳслар тарихи, устоз ва шогирд муносабатлари тарихини ўзида акс эттиради. Бугун “университет” деб аталадиган илм даргоҳининг келиб чиқишига айнан ислом сабабчи бўлгани шундан.
Форум доирасида ана шу масалалар кенг муҳокама қилинди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида юқори даражада ташкил этилган ялпи йиғилишлар ҳамда қатор тематик сессияларда туркий халқларнинг инсоният цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси, ҳадис, фиқҳ ва калом илмларининг ривожланиши, музейлар ва қўлёзма фондларининг аҳамияти, ислом цивилизацияси ва замонавий медиа макон, рақамли коммуникациялар ва маърифат йўлидаги фаолиятнинг янги шакллари борасида қизғин фикр алмашилди.
Айниқса, замонавий ахборот маконида ислом цивилизацияси меросини тўғри ва холис тарғиб қилиш масаласи бугун долзарб аҳамият касб этяпти. Чунки рақамли технологиялар инсонлар учун катта имкониятлар билан бирга муайян хавф-хатарларни ҳам келтириб чиқармоқда. Шу боис тарихий меросни замонавий форматда тақдим этиш, ёшларга тушунарли ва қизиқарли усулларда етказиш муҳим вазифага айланмоқда.
Самарқандда бўлиб ўтган тадбирларда эса Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асари ва унинг жаҳон илм-фанидаги ўрни, Имом Мотуридий таълимотининг мўътадиллик, ақл ва маърифатга асосланган ғоялари муҳокама қилинди. Бу мавзулар нафақат диний илмлар, балки замонавий жамият тараққиёти нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Сурхон воҳасининг маъмурий марказида Термиз ҳадис мактаби ва унинг илм илм-фани ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида янги тадқиқотлар тақдим этилди. Бу бежиз эмас. Чунки Термиз замини асрлар давомида ислом илмлари тараққиётининг муҳим марказларидан бири бўлиб келган.
Форум доирасида ислом хаттотлиги ва қўлёзмалари кўргазмалари, ноёб тарихий манбалар тақдимотлари, ҳужжатли фильмлар намойиши ва маданий-маърифий тадбирлар ҳам ўтказилди. Бу эса иштирокчиларга китобларда ўқиган меросни бевосита кўриш, ҳис қилиш ва англаш имконини берди.
Форумнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, унда тинчлик ва бағрикенглик маданиятини ривожлантириш, экстремизм ва радикализмга қарши курашга маърифий ёндашувларни кучайтириш, ёшларни инсонпарварлик руҳида тарбиялаш, маданий меросни асраш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Бугун жаҳон тажрибаси бир ҳақиқатни кўрсатмоқда. Радикал ғояларга қарши курашишнинг энг самарали йўли маърифатдир. Инсон қалби ва онгини билим билан тўлдириш мумкин бўлган жойда жаҳолатга ўрин қолмайди. Шунинг учун ҳам маърифатга қаратилган ҳар бир ташаббус аслида тинчликка қаратилган ташаббусдир.
Форумнинг аҳамиятини яна бир жиҳатдан баҳолаш мумкин. У Ўзбекистоннинг халқаро гуманитар мулоқот, маданиятлар ва цивилизациялар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ташаббусларини янада кенг намоён этди. Кейинги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий меросни ўрганиш, тарихий обидаларни тиклаш, қўлёзма бойликларни тадқиқ қилиш ва уларни халқаро илмий муомалага киритиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Форум ана шу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўладиган халқаро ҳамкорликка йўл очди.
Энг муҳими, мазкур анжуман бугунги дунёга муҳим бир ҳақиқатни яна бир бор уқтирди – тараққиётнинг энг ишончли йўли илмдан бошланади. Тинчликнинг энг мустаҳкам пойдевори бағрикенгликдир. Жамиятнинг энг катта бойлиги эса маърифатли инсонлардир.
Шу маънода, илк бор ўтказилган I Халқаро ислом форуми нафақат олимлар ва мутахассислар учрашуви, балки Янги Ўзбекистоннинг бутун дунёга йўллаётган маънавий чақириғи сифатида ҳам катта аҳамият касб этди. Бу даъватнинг мазмуни оддий, аммо ғоят теран: инсониятни бирлаштирадиган энг катта куч – билим, тинчлик ва маърифатдир.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





