Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Индонезиянинг нуфузли делегацияси ташрифи

Индонезиянинг нуфузли делегацияси ташрифи

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Индонезия Республикаси Халқ маслаҳати кенгаши раиси Аҳмад Музани бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Делегацияга Индонезиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сити Рухайни Жуҳайатин хоним ҳамроҳлик қилди.

Меҳмонлар Марказ фаолияти, буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг ҳаёти ва бой илмий меросини ўрганиш, асраш ва халқаро миқёсда тарғиб этиш йўлида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Шунингдек, делегация аъзоларига қўлёзмалар фонди ва Марказнинг халқаро илмий ҳамкорлик йўналишлари ҳақида маълумот берилди.

Ташриф доирасида “Имом Бухорий мероси: Ўзбекистон – Индонезия муносабатларини ривожлантиришнинг маънавий асослари” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди. Унда икки мамлакатни асрлар давомида боғлаб келаётган маънавий ришталар, Имом Бухорий меросининг мусулмон олами, хусусан, Индонезия жамияти ҳаётидаги ўрни ва илмий дипломатияни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Имом Бухорийнинг бой илмий мероси Ўзбекистон ва Индонезия халқларини бирлаштирувчи умумий маънавий ва интеллектуал бойлик эканини таъкидлади. Қайд этилганидек, алломанинг илмга интилиш, бағрикенглик, адолат ва ҳақиқатга содиқлик каби умуминсоний ғоялари бугун ҳам икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шунингдек, мулоқот давомида қўлёзмаларни ўрганиш, қўшма илмий тадқиқотларни амалга ошириш, академик алмашув дастурларини кенгайтириш, ёш тадқиқотчиларнинг илмий салоҳиятини ошириш ва илмий дипломатияни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Аҳмад Музани Имом Бухорий номи барча мусулмонлар сингари Индонезия халқи учун ҳам юксак эҳтиром объекти эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, “Саҳиҳул Бухорий” асари юзлаб йиллардан буён Индонезиядаги мадраса ва исломий таълим муассасаларида асосий манбалардан бири сифатида ўқитиб келинмоқда. Шу боис Самарқандга келиб, Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилиш индонезиялик мусулмонлар учун юксак маънавий аҳамиятга эга.

Меҳмонлар мазкур ташриф Ўзбекистон билан Индонезия ўртасидаги маънавий, илмий ва маданий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, Имом Бухорий меросини биргаликда ўрганиш ва тарғиб қилиш йўлидаги муҳим қадам бўлишини алоҳида таъкидлади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Лондон иқтисодиёт мактаби профессори Марказда меҳмон бўлди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактаби (LSE) профессори Раҳмон Чиштий …