Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОМ МОТУРИДИЙНИНГ НАМОЗДА “БАСМАЛА”НИ АЙТИШ ҲАҚИДАГИ ФИҚҲИЙ ҚАРАШЛАРИ

ИМОМ МОТУРИДИЙНИНГ НАМОЗДА “БАСМАЛА”НИ АЙТИШ ҲАҚИДАГИ ФИҚҲИЙ ҚАРАШЛАРИ

Аллоҳ таоло бандасига ато этган неъматларнинг энг улуғи – бу унинг дунёси ва дини учун фойдаси тегадиган илмларни ўрганишга муваффақ қилиб қўйишидир. Фиқҳ илми ана шундай улуғ неъматлардан бири экани шубҳасиз. Пайғамбар алайҳиссалом даврларидан бугунги кунга қадар унга алоҳида эътибор қаратган уламолар бўлган. Абу Ҳанифа, Шофеий, Молик, Аҳмад раҳимаҳуллоҳ каби мужтаҳид имомлар ана шундай уламолардан саналади. Улар вафот этиб кетганидан сўнг шогирдлари ва тобелари уларнинг фиқҳий қарашларини оммага етказиш устида иш олиб борди, устозларидан таълим олган фиқҳий билимларни ўз шогирдларига ҳам ўргатди. Аҳли сунна вал жамоанинг икки қутбидан бири ҳисобланган Имом Мотуридий ана шундай илм эгаларидан биридир. У Имом Абу Ҳанифанинг қўлида таълим олган устозлар силсиласининг учинчи табақасига мансуб бўлиб, ҳанафийлик мазҳаби доирасидаги мужтаҳид саналади. У ҳам ўзига хос фиқҳий қарашлар эгаси бўлган. Бу қарашлар унинг шоҳ асари бўлмиш “Таъвилот ал-Қуръон”да кўпроқ ўз аксини топган. Ушбу мақолада Имом Мотуридийнинг баҳсли масалалардан бири – намозда “Басмала”ни айтиш ҳақидаги фиқҳий қарашлари хусусида сўз юритилади.

Мавзу бўйича кўплаб адабиётларда маълумотлар берилган. Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон”, Имом Муҳаммаднинг “Ал-Осор”, Имом Шофеийнинг “Ал-Умм”, Имом Нававийнинг “Ал-Мажмуъ шарҳул муҳаззаб” ва бошқа асарлар шулар жумласидандир. Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асарида ҳанафийларга хос фиқҳий қарашлар ҳимоя қилинган бўлса, Имом Муҳаммаднинг “Ал-Осор” китобида Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан нақл қилинган хабарлар келтирилган. Имом Шофеийнинг “Ал-Умм”, Имом Нававийнинг “Ал-Мажмуъ шарҳул муҳаззаб” ва Қуртубийнинг “Ал-Жомеу ли аҳкомил Қуръон” асарларида ҳам шунга ўхшаш ҳолатни кузатиш мумкин. Хусусан, “Ал-Умм” ва “Ал-Мажмуъ шарҳул муҳаззаб” асарларида “Басмала” “Фотиҳа” сурасининг бир оятидир деган фикрни илгари сурган шофеийлар далиллари баён қилинган бўлса, “Ал-Жомеу ли аҳкомил Қуръон” ва “Ал-Мудавванатул кубро” китобида ҳанафий ва шофеийлардан фарқли қараш эгалари бўлган моликийлар фикрлари келтирилган. Юқорида номлари келтирилган асарларда мавзунинг турли жиҳатлари ёритилган бўлган бўлса-да, Имом Мотуридийнинг намозда “Басмала”ни айтиш ҳақидаги фиқҳий қарашлари алоҳида тадқиқ қилинмаган. Шу сабабдан ушбу мавзуни тадқиқ этиш бугунги кундаги долзарб илмий масалалардан бири ҳисобланади.

Мақолани тайёрлашда умумлаштириш, таққослаш, қиёсий таҳлил каби тадқиқот усулларидан фойдаланилди.

Имом Мотуридийнинг фиқҳий қарашлари деганда уламолар ўртасида баҳсли бўлиб турган масалалар борасидаги тўғри ҳукмни ўзининг ижтиҳодини ишга солиш орқали билиб олган шаръий ҳукмлар назарда тутилади. Демак, Имом Мотуридийнинг фиқҳий қарашлари – бу унинг ижтиҳоди, сўзлари ва қарашлари хулосасидир. Улар хоҳ ҳанафийлик мазҳабига мувофиқ келсин, хоҳ келмасин – барибир. Унинг намозда “Басмала”ни айтишнинг ҳукми ва бошқа жиҳатлари ҳақидаги қарашлари ана шулардан биридир. Имом Мотуридий “Таъвилот ал-Қуръон” асарида “Басмала”ни “Тасмия” деб ҳам атаган ва қуйидагиларни ёзган: «“Тасмия” – Қуръондан бир оят бўлиб, “Фотиҳатул Китоб” (сурасининг таркиби)дан эмасдир. Уни алоҳида бир оят деб белгилашнинг далили Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ушбу  ҳадисдир: “У зот алайҳиссалом Убай ибн Каъбга: “Сенга ўзимдан аввал Сулаймон ибн Довуддан бошқа бирор кимсага нозил бўлмаган бир оятни ўргатаман”, дедилар. Сўнг масжиддан чиқаётиб, оёқларидан бирини эшикдан чиқардилар ва унга: “Сен Қуръонни қайси оят билан бошлайсан?” дедилар. Убай: “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” билан”, деб жавоб берди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У ўша – мен сенга ўргатмоқчи бўлган оятдир”, дедилар»[1].

Демак, мазкур ҳадисда “Басмала”нинг Қуръондан бир оят эканига, агар у суралардан бир оят бўладиган бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Убайга “Сенга бир оятни ўргатаман” деб эмас, балки “Сенга юзтадан зиёд оятни ўргатаман” деган бўлишлари лозимлигига далолат бордир. Шунингдек, “Басмала” “Фотиҳа” сурасининг таркибида бўлганида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Қуръоннинг калити деб эмас, суралардан бир оят деб айтган бўлар эдилар.

Сўнгра шу нарса аниқки, сураларни (тафсир қилишни) бошлаш асносида “Басмала”ни тафсир қилмай ўтиб кетган уламолар наздида унинг “Фотиҳа” сурасидан эмаслиги аниқ бўлган. Шунингдек, бу умматнинг “Басмала”ни жаҳрий айтмаслиги (ҳам унинг “Фотиҳа” сурасидан эмаслигига далилдир). Шу нарса маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари билан бирга юрган саҳобаларга “Басмала”ни махфий қилиб, ўзлари ёлғиз қолган вақтда жаҳрий айтган бўлишлари, саҳобалар эса ғафлатга бориб ўзларига ҳеч бир манфаат етмаса-да, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг (“Басмала” борасидаги) суннатларини зое қилишлари мумкин эмас. “Ҳатто бу уммат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Басмала” борасидаги суннатлари  (одамларга таълим бериш учун) уни аввал жаҳрий айтиб, кейинчалик махфий қилган бўлишлари эҳтимоли бор бўлган бир ўринда уни тарк қилиб келган. Бинобарин, мусулмонларнинг бу ишларида ҳам “Басмала” сураларнинг бир ояти эмаслигига ёрқин далил бордир” [2:5-6].

Самарқандий Имом Мотуридийнинг бу фикрларига қуйидагиларни қўшимча қилган: “Улар “Басмала”ни жаҳрий айтишнинг суннат эканини билиб, сўнг шу суннатни зое қилишлари мумкин эмас. Чунки бундай маънога йўйишда уларни залолатга кетганликда айблаш бор ва бу ботил гапдир. Бу умматнинг “Басмала”ни жаҳрий айтмаганлиги уни жаҳрий айтиш суннат эмаслигига далил бўлади. Уларнинг “Басмала”ни жаҳрий айтмаганлигидан ташқари “Фотиҳа” ва зам сура жаҳрий ўқиладиган намозларда уни жаҳрий айтмасликка ижмо қилишлари “Басмала”нинг “Фотиҳа” сурасидан эмаслигига ҳам, ҳар бир суранинг биринчи ояти эмаслигига ҳам ёрқин далил бўлади”.

Имом Абу Ҳанифанинг энг яқин шогирдларидан бири Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний (ваф.189/805) “Ал-Осор” китобининг «“Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”ни жаҳрий айтиш ҳақидаги боб»ида қуйидагиларни нақл қилган:

“Абу Ҳанифа бизга Абу Суфёндан, у Абдуллоҳ ибн Язиддан, у отасидан ривоят қилиб, бундай деганини айтиб берди: “Отам бир имомнинг ортида намоз ўқиган эди, имом “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”ни жаҳрий қилди. Намозни ўқиб бўлгач, отам унга: “Эй Абдуллоҳ, мени мана бу калималарингдан беҳожат қил. Чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, Абу Бакр, Умар ва Усмоннинг ортида туриб, уларга иқтидо қилиб намоз ўқидим. Уларнинг ҳеч бирларидан буни эшитмадим”, деди”.

Абу Ҳанифа бизга Ҳаммоддан, у Иброҳимдан нақл қилиб, бундай деганини айтиб берди: “Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”ни жаҳрий қиладиган киши ҳақида: “У аъробийдир”, деди. Ибн Масъуд ҳам, унинг шогирдларидан бирортаси ҳам уни жаҳрий қилмас эди.

Абу Ҳанифа бизга Ҳаммоддан, у Иброҳимдан нақл қилиб, бундай деганини айтиб берди: «Тўрт нарса борки, имом уларни махфий қилади: “Субҳонакаллоҳумма ва биҳамдика”, шайтондан “тааввуз”, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” ва “омин”» [3:161-162]. Имом Муҳаммад ушбу ривоятни келтирганидан сўнг: “Биз шунга амал қиламиз, у Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳунинг сўзидир”, деган.

Намозда “Басмала”ни айтишнинг ҳукми борасида уламолар турли қарашларни илгари сурган. Баъзилар уни вожиб деган бўлса, баъзилари ўқимаса ҳам бўлади, деган. Уни мустаҳабга чиқарган уламолар ҳам бўлган. Бунинг сабаби бир жиҳатдан далиллар ўртасидаги қарама-қаршилик бўлса, иккинчидан унга амал қилиш масаласидаги хилма-хилликдир. Бу хусусда фақиҳлар оммаси уч хил қарашни илгари сурган:

Биринчи қараш: шофеийлар “Басмала”ни жаҳрий намозда жаҳрий, махфий намозда махфий ўқиш вожиб, деган фикрдадир. Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ: «“Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” – бу (“Фотиҳа” сурасидан) еттинчи оятдир. Шундай экан, (намоз ўқувчи киши) унинг ҳаммасини ёки баъзисини тарк қиладиган бўлса, тарк қилинган ўша ракати жоиз бўлмайди» [5:244], деган.

Уларнинг ҳадисдан далили ушбу ҳадислардир:

  1. Умма Салама розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатлари қандай бўлгани ҳақида сўралганида, у: “У зотнинг қироатлари оят-оят эди: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Алҳамду лиллаҳи роббил оламийн. Ар-роҳманир роҳийм. Молики явмид дийн..” деб ўқир эдилар”, деган[2]. Бу ҳадиснинг далил бўладиган жиҳати шундаки, унда “Басмала” “Фотиҳатул Китоб”нинг бир бўлаги эканига очиқ-ойдин далолат бордир.
  2. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бундай деган: «“Алҳамду лиллаҳи Роббил оламийн”ни ўқиганингизда, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”ни ҳам (унга қўшиб) ўқинг. Албатта, у (“Фотиҳа” сураси) “Уммул Қуръон” ва “Сабъул масоний”дир. “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” унинг оятларидан биридир”[3]. Бу ҳадиснинг далил бўладиган жиҳати шундаки, Абу Ҳурайра унда “Басмала”ни “Фотиҳа” сурасининг бир ояти деб санаган. У бу гапни ўзининг раъйи билан айтмагани аниқ. Шундай экан намозда “Басмала”ни айтиш вожибдир.

Шофеийлар бу борада саҳобалар амалини ҳам далил қилиб келтирган. Яъни улар Қуръонни ягона мусҳаф ҳолига келтириш жараёнида “Басмала”ни ҳам қайд қилиб қолдиришган. Демак, бу ишда “Басмала” “Фотиҳа” сурасининг бир ояти эканига далолат бордир. Чунки Мусҳафга Қуръондан бўлмаган нарсалар киритилмаган. Бинобарин, “Басмала” жаҳрий намозда ҳам, махфийсида ҳам “Фотиҳа” сурасига қўшиб ўқилиши лозим [4:333].

Иккинчи қараш: ҳанафийлар ва ҳанбалийлар фикрича, “Басмала”ни “Фотиҳа” сурасига қўшиб махфий тарзда айтиш мустаҳаб ва уни жаҳрий айтиш суннат эмас. Уларнинг ҳам ўзига хос далиллари бор. Уларнинг ҳадисдан далиллари қуйидагилардир:

  1. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу бундай деган: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумнинг ортида намоз ўқидим. Улар (намозни) “Алҳамду лиллаҳи Роббил оламийн” билан бошлар, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”ни қироатнинг бошида ҳам, охирида ҳам айтмас эдилар”[4]. Бу ҳадиснинг далил бўладиган жиҳати шундаки, унда “Басмала”ни махфий қилиш мустаҳаблигига очиқ-ойдин далолат бор. Абу Ҳанифа ва Суфён Саврийнинг мазҳаби ҳам шудир.
  2. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деб айтаётганларини эшитдим: “Аллоҳ таоло: “Мен намозни Ўзим билан бандам ўртасида иккига тақсим қилдим. Бандамга сўрагани берилур”, дейди. Банда: “Алҳамду лиллаҳи Роббил оламийн”, деганида, Аллоҳ таоло: “Бандам менга ҳамд айтди”, дейди…”[5]. Бу ҳадиснинг далил бўладиган жиҳати шундаки, улуғ саҳоба Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу унда “Басмала”ни тилга олмаган. Демак, бу ҳадис “Басмала”ни жаҳрий айтмасликка, у мусҳафларда ёзилгани боис махфий тарзда айтиш мустаҳаблигига далил бўла олади. Қолаверса, “Басмала”ни жаҳрий айтиш ҳақидаги ҳадислар заифдир. Уни махфий айтиш ҳақида келган ҳадисларнинг ровийлари ва санади кучлироқ ва тўғрироқдир.

Учинчи қараш: моликийлар илгари сурган фикрга кўра, фарз намозида у хоҳ жаҳрий бўлсин, хоҳ махфий – “Басмала”ни айтиш мумкин эмас. Ҳатто “Фотиҳа” ёки ундан бошқа бирор суранинг бошида бўлса ҳам. Аммо уни нафл намозларида ўқиш мумкин.

Уларнинг ҳадисдан далиллари қуйидагилардир:

  1. Имом Молик Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда келтирилишича, у: “Абу Бакрнинг, Умарнинг ва Усмоннинг ортида тур(иб намоз ўқи)дим. Уларнинг ҳеч бири намозни “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” билан бошламас эди”[6], деган. Бу ҳадисдан аниқ кўриниб турибдики, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” Қуръондан бир оят эмас, чунки Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳум муҳожир, ансор ва кўпчилик мусулмонларга 24 йил давомида намоз ўқиб берар экан, “Басмала”ни ўқимаган. Агар у “Фотиҳа”нинг бир ояти бўлганида саҳобалар жамоаси уларнинг бу ишига жим қараб туриши мумкин эмас эди. Чунки “Фотиҳа” сурасининг бир бўлаги ҳисобланаётган “Басмала”ни тарк қилиш унинг ҳаммасини тарк қилишдек гап бўлар, бу эса намознинг дуруст бўлмаслигига олиб келар эди. Саҳобаларнинг сукут сақлаши “Басмала”нинг “Фотиҳа”дан эмаслигига ижмо ўрнидадир.
  2. Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Отам “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”ни ўқиётганимни эшитиб қолдилар ва: “Эй ўғилчам, бу ишинг бидъат бўлди. Динга янгилик киритишдан эҳтиёт бўл”, деди. Сўнг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бирортасини кўрмадимки, исломда янгилик пайдо қилиш унинг наздида бошқа ҳар қандай ишдан кўра ёмонроқ бўлмаса. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан, Абу Бакр Сиддиқ, Умар ва Усмон билан намоз ўқидим. Уларнинг ҳеч бирининг “Басмала”ни айтаётганини эшитмадим. Шундай экан, сен ҳам уни айтма! Агар намоз ўқисанг “Алҳамду лиллаҳи Роббил оламийн”, деб айт”[7], деди”. Бу хабарнинг далил бўладиган жиҳати шундаки, унда саҳобалар “Басмала”ни жаҳрий айтмагани очиқ-ойдин таъкидланган. Саҳоба бўлмиш Ибн Муғаффал шундай гувоҳлик бермоқда. Ҳатто уни жаҳрий айтиб, адолатли халифаларнинг суннатига зид иш қилган ўғлининг ишини ҳам инкор этган.

Имом Молик бундай деган: “Фарз намозда “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”ни ўқимайди. Махфийсида ҳам, жаҳрийсида ҳам. Суннат шудир. Мен одамлар (саҳобалар)ни шу ҳолат устида кўрдим. Иш шуки, фарз намозида “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” тарк қилинади. Махфий тарзда ҳам, жаҳрий қилиб ҳам айтмайди. Уни имом ҳам, ундан бошқаси ҳам айтмайди. Хоҳласа, нафл намозда айтади, хоҳласа айтмайди. Бунда кенгчилик бордир” [6:162].

  1. Оиша розияллоҳу анҳо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни такбир айтиш ва “Алҳамду лиллаҳи Роббил оламийн”ни қироат қилиш билан бошлар эдилар”[8], деган. Бу ҳадиснинг далил бўладиган жиҳати шундаки, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда “Басмала”ни айтганликлари келтирилмаган. Намозни такбир билан бошлаб, кейин “Алҳамду лиллаҳи Роббил оламийн”ни ўқиганликлари таъкидланган. Бу унинг “Фотиҳа” сурасидан эмаслигига ишорадир.

Ваҳба Зуҳайлий раҳимаҳуллоҳ “Басмала”нинг маъноси, ҳикмати ва фазилатлари ҳақида сўз юритиб, қуйидагиларни келтирган: “Уламолар “Басмала” “Фотиҳа” ёки ундан бошқа суралардан бир оят ёки йўқлиги юзасидан уч хил қарашни илгари сурган. Моликий ва ҳанафийларнинг айтишича, “Намл” сурасининг ичида келганини истисно қилган ҳолда айтиш мумкинки, “Басмала” “Фотиҳа”дан ҳам, бошқа сурадан ҳам эмасдир. Бунинг ҳужжати Анас розияллоҳу анҳунинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан, Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳум билан намоз ўқидим. Уларнинг бирорталари “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”ни ўқиганини эшитмадим”, деган сўзларидир. Бу дегани мадиналиклар Мадина масжидида намоз ўқиганларида, “Басмала”ни қироат қилишмаган. Лекин ҳанафийлар фикрига кўра, ёлғиз намоз ўқувчи киши ҳар бир ракатда “Фотиҳа”га “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”ни қўшиб ичида ўқийди. Зеро, у ҳам Қуръон, бироқ суранинг бир қисми эмас, балки суралар ўртасини ажратиб турувчи оятдир.

Моликийлар фикрига кўра, фарз намозда “Басмала”ни “Фотиҳа”га қўшиб ҳам, ундан бошқа сураларга қўшиб ҳам ўқимайди. Хоҳ жаҳрий намоз бўлсин, хоҳ махфий – барибир. Уни нафл намозда ўқиш мумкин. Қуртубий: “Бу фикрларнинг ичидан энг тўғриси Моликнинг фикридир. Чунки Қуръон оҳод хабарлар билан собит бўлмайди. У фақат ихтилоф қилинмайдиган қатъий ва мутавотир йўл билан собит бўлади, холос”, деган. Лекин бу гап тўғри эмас, чунки ҳар бир оятнинг мутавотир бўлиши шарт қилинмаган.

Абдуллоҳ ибн Муборак: “У ҳар бир суранинг бир оятидир”, деган. Унинг ҳужжати Имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ушбу хабардир: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан ўтирганларида, баногоҳ енгил ҳушдан кетдилар. Сўнг табассум қилган ҳолда бошларини кўтардилар. Шунда биз: “Эй Аллоҳнинг Расули! Сизни нима кулдирди?” дедик. У зот: “Менга ҳозиргина бир сура нозил қилинди”, дедилар ва: “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Инна аътойнакал кавсар. Фасолли ли Роббика ванҳар. Инна шаниака ҳувал абтар”ни қироат қилдилар”.

Шофеийлар ва ҳанбалийлар фикрича, “Басмала” “Фотиҳа” сурасининг бир ояти бўлиб, уни намозда ўқиш вожибдир. Аммо ҳанбалийлар ҳам ҳанафийлар фикрига қўшилган ҳолда уни ичида ўқийди, жаҳрий қилмайди, деган. Шофеийлар эса “Басмала”ни махфий намозда махфий, жаҳрийсида “Фотиҳа” сурасини жаҳрий ўқигандек овоз чиқариб ўқийди, деган. “Басмала” “Фотиҳа” сурасининг бир оятидир, деган қарашларига уларнинг далиллари Дорақутний Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ушбу ҳадисдир: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар “Алҳамду лиллаҳи Роббил оламийн”ни ўқисангиз, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”ни ҳам ўқинг. Албатта, у Уммул Қуръондир, Уммул Китобдир, Сабъул масонийдир. “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” эса унинг оятларидан биридир”, дедилар”. Бу ҳадиснинг санади саҳиҳдир.

“Басмала”ни жаҳрий ўқиш борасида шофеийларнинг далили Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ушбу ҳадисдир: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”ни жаҳрий ўқидилар”. Яна бир далил шуки, “Басмала” Қуръоннинг бир ояти ўлароқ “тааввуз”дан кейин қироат қилинади. Демак, уни ҳам “Фотиҳа” сураси каби жаҳрий айтиш суннатдир. “Басмала” бошқа сураларнинг ҳам бир оятими йўқми? Бу борада Имом Шофеийдан икки хил қараш ривоят қилинган. Бирида “Басмала” ҳар бир суранинг бир оятидир, деган бўлса, иккинчисида “Фотиҳа” сурасидан бошқасида оят эмас, деган.

Тўғри фикр шуки, “Басмала” худди “Фотиҳа” сингари ҳар бир суранинг бир оятидир. “Бароат” сурасидан ташқари ҳар бир суранинг бошида ёзилиши бунинг далилидир. Ваҳоланки, улар (Қуръон оятларини бир мусҳаф ҳолига келтирганлар) Қуръондан бўлмаган нарсаларни мусҳафларга киритишмаган.

Юқорида баён қилинган фиқҳий ихтилофга қарамай, “Басмала” “Намл” сурасининг бир ояти эканига, илмий асарлардан ҳар бирининг кириш қисмида ва мактубларнинг бошида “Басмала”ни ёзиш мумкинлигига бутун уммат иттифоқ қилган. Агар китоб шеърлар девони бўлса, Шаъбий ва Зуҳрий уларнинг бошига “Басмала” ёзиш мумкин эмас, деган. Саид ибн Жубайр, шунингдек, мутаахиринларнинг кўпчилиги бу ишни жоиз санаган” [1:46-48].

Юқорида баён қилинган қарашларни атрофлича ўрганиб чиққандан сўнг шу нарса ойдинлашадики, “Басмала”ни жаҳрий айтиш суннат эмаслиги ҳақидаги фикр уларнинг орасидан энг кучлисидир. Чунки уларнинг далиллари ҳам кучлидир. Қолаверса, раъйни ишлатишга ўрин йўқ бўлган масалаларда саҳобаларнинг амали ҳам ҳужжат саналади. Агар уни жаҳрий айтиш суннат бўлганида, саҳобалар жамоаси уни тарк қилиши мумкин эмас эди. Агар уларда “Басмала”ни жаҳрий айтиш ҳукми насх қилингани ҳақида далил бўлмаганида, мусҳафни очиб берувчи улуғ оят ҳисобланмиш “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”ни жаҳрий айтмасдан қўймас эдилар. Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳни ҳам шу қарашни қабул қилишга, уни ақлий ва нақлий далиллар билан исботлаб беришга ундаган омиллар ҳам ана шулардир.

Ота-боболари ибодат амалларини бир неча асрлардан буён ҳанафийлик мазҳаби асосида адо этиб келган бугунги ёшларга “Басмала”нинг мазмун-моҳияти, ҳикмати, шаръий ҳукмлари тўғрисида тушунча бериш мақсадга мувофиқдир. Зеро, Қуръон ва ҳадисга эргашиш шиори остида ёшларни мазҳабсизликка тарғиб қилиш авжига чиққан бугунги кунда бу каби маърифий суҳбатларни кўпайтириш уларда ҳар хил оқимларга нисбатан кучли иммунитетни шакллантиришга ёрдам беради. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Ваҳба Зуҳайлий. Ат-Тафсирул мунир фил ақидати ваш шариати вал манҳаж, 1-нашр. – Дамашқ-Сурия: Дорул фикр, 1991.
  2. Имом Мотуридий. Таъвилотул Қуръон. – Истанбул: Дорул мезон, Аҳмад Вонли Ўғли ва Бакр Тўпол Ўғли таҳқиқи, 2005.
  3. Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний. Ал-Осор, Абулвафо Афғоний таҳқиқи. – Байрут: Дорул кутубил илмия, 1993.
  4. Имом Нававий. Ал-Мажмуъ шарҳул муҳаззаб. – Байрут: Дорул фикр,
  5. Имом Шофеий. Ал-Ум. – Миср: Дорул вафо, Рифъат Фавзий Абдулмутталиб таҳқиқи, 2001.
  6. Молик ибн Анас. Ал-Мудавванатул кубро. – Байрут: Дорул кутубил илмия, 1994.
[1] Табароний ва Зайлаий ривоят қилган.
[2] Имом Термизий, Абу Довуд, Ҳоким ривоят қилган.
[3] Байҳақий ва Дорақутний ривоят қилган.
[4] Имом Муслим ривояти.
[5] Имом Муслим ривояти.
[6] Имом Молик ва Байҳақий ривоят қилган.
[7] Имом Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган.
[8] Абу Довуд ривояти.
Алоуддин НЕМАТОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

МАҲБУБИЙЛАР ОИЛАСИ ИЛМИЙ МЕРОСИ

Маҳбубийлар оиласи Бухорода фаолият юритган йирик оилавий фақиҳлар сулоласи ҳисобланади. Бу оила вакиллари томонидан Ҳанафий …