Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказида “Диний мутаассиблик, экстремизм ва терроризмнинг жамият барқарорлигига таҳдиди” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Унда вазирлик шахсий таркибидан 260 нафар хизматчи иштирок этди.
Мулоқот асносида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Тоҳир Эвадуллаев бугунги глобаллашув даврида тинчлик ва барқарорликни хавф остига қўяётган ёт ғоялардан кўзланган асл мақсадлар, диний мутаассиблик ва экстремизмнинг салбий оқибатлари ва уларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш омилларига алоҳида тўхталди.
Таъкидланганидек, жамият хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлашга масъул бўлган соҳа вакиллари учун бундай таҳдидларнинг олдини олиш усуллари ва уларнинг маърифий жиҳатларини чуқур англаш касбий фаолият самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Бу борада буюк алломаларимиз меросида илгари сурилган бағрикенглик ва мўътадиллик ғояларининг ўрни беқиёсдир.

Тадбир давомида иштирокчилар ахборот хуружлари кучайган шароитда огоҳлик ва ҳушёрликни ошириш, бузғунчи ғояларга қарши илмий-маърифий асосда курашиш юзасидан зарур тушунчаларга эга бўлди.

Учрашув якунида тингловчиларни қизиқтирган саволлар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





