Home / ЯНГИЛИКЛАР / Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг Facebook ва Instagramдаги саҳифалари расмий верификациядан ўтди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг Facebook ва Instagramдаги саҳифалари расмий верификациядан ўтди

#Хушхабар

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ижтимоий тармоқлардаги фаолияти янги босқичга кўтарилди. Марказнинг Facebook ва Instagram тармоқларидаги расмий саҳифалари Meta компанияси томонидан халқаро верификациядан ўтказилиб, уларга расмийлик мақомини англатувчи кўк белги (Meta Verified) берилди.

Бугунги ахборот асрида жамиятни холис ва илмий асосланган маълумотлар билан таъминлашда, айниқса, буюк аждодларимизнинг бой маънавий меросини кенг тарғиб этишда рақамли платформаларнинг ўрни беқиёс. Верификация Марказ томонидан мазкур йўналишда олиб борилаётган тизимли ишлар ва рақамли трансформация жараёнлари халқаро миқёсда тан олинаётганининг яна бир амалий тасдиғи бўлди.

Расмий мақомнинг берилиши, энг аввало, Марказ номидан эълон қилинаётган янгиликлар, илмий мақолалар ва медиа маҳсулотларнинг асллигига, холислиги ва саҳиҳлигига кузатувчиларимиз тўлиқ ишонч ҳосил қилиш учун асос бўлади. Шу билан бирга, ушбу белги Марказ номидан фойдаланиб сохта (фейк) профиллар очилиши ва нотўғри ахборот тарқатилишининг олдини олишга хизмат қилади. Энг муҳими, ушбу эътироф Марказнинг нафақат мамлакатимизда, балки халқаро рақамли макондаги нуфузини ошириб, унинг бренд хавфсизлигини янги босқичга олиб чиқади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази кузатувчилардан ўз фаолиятига оид энг сўнгги янгиликлар, халқаро ҳамкорлик алоқалари ва илмий тадқиқотлар натижаларини фақатгина мазкур кўк белгига эга бўлган расмий саҳифалар ва расмий сайтимиз орқали кузатиб боришни сўрайди.

Марказимизнинг рақамли экотизимини ривожлантириш ва кенг жамоатчиликка сифатли контент етказиш борасидаги ислоҳотлар изчил давом эттирилади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Қалам аҳлига эҳтиром

27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Имом Бухорий халқаро …