Бахиллик – инсонни дунёда хорликка, охиратда азобга етаклайдиган энг оғир маънавий иллатлардан бири. Қуръони каримда ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам бу иллат қатъий қораланган. Улуғ олимлар ва солиҳ зотлар уни энг ёмон хулқлардан деб таърифлаган.
Бахиллик саховатнинг зидди бўлиб, мол-дунё сарфланиши лозим бўлган ўринларда уни ушлаб қолиш, бермаслик билан намоён бўлади. Бу фақат бошқаларга раво кўрмаслик, сўралганда рад этиш эмас, балки ўз эҳтиёжи учун сарфлашдан тийилиш каби ҳолатларни ҳам ўз ичига олади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Аллоҳнинг фазли билан берган нарсаси (бойлиги)дан бахиллик қилувчилар буни ўзларига яхши деб ҳисобламасинлар! Асло! Бу улар учун ёмондир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари (ўз бўйинларига) бўйинтуруқ қилиб илиб қўйилади. Осмонлар ва Ернинг мероси Аллоҳга (қолур). Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир.” (Оли Имрон сураси, 180-оят).
Ислом таълимотига кўра, инсон қўлидаги мол-мулк – Аллоҳнинг унга ато этган омонати. Шу боис бу неъматни Аллоҳ розилиги йўлида сарфлаш лозим. Ким бахиллик билан мол-дунё тўплаб, уни сарфлашдан тийилса, буни ўзича фойда деб ўйласа-да, аслида катта хато қилган бўлади. Чунки бу инсонни ҳалокатга олиб боради.
Айримлар “ҳеч кимга ҳеч нарса бермасам, мол-мулким кўпаяди, жуда бўлмаганда, камаймай туради” деб ўйлайди. Бу нотўғри фикрдир. Халқимиз билиб айтганидек, “бахилнинг боғи кўкармас”. Бу ҳақиқатни қуйидаги ҳадис очиқ баён этади: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бандалар тонг оттирган ҳар бир кунда икки фаришта тушади. Улардан бири: “Аллоҳим! Инфоқ қилувчига эваз бергин”, дейди. Иккинчиси эса: “Аллоҳим! Бахилга талофат бергин”, дейди”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Бахил инсон молининг камайиб қолишидан қўрқиб, уни асрашга уринади, бошқаларга ёрдам бермайди. Ҳатто баъзан ўз эҳтиёжларини ҳам чеклайди. Лекин айнан шу қўрқув ва хасислик уни дунёда хорликка, охиратда эса азобга гирифтор этади.
Бахилликнинг икки даражаси бўлади:
- Ўзидаги неъмат учун бахиллик қилиш.
- Бошқалардаги неъмат учун бахиллик қилиш.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай дейди: “(Улар) ўзлари бахиллик қилиш билан бирга (бошқа) одамларни (ҳам) бахилликка бошлайдиган ва Аллоҳнинг Ўз фазли билан берган (неъмат)ларини яширадиган (кимса)лардир. Кофирларга (эса) хор қилувчи азобни тайёрлаб қўйганмиз” (Нисо сураси, 37-оят).
Бошқалардаги неъматга бахиллик қилиш нима дегани?! Бу инсоннинг кимгадир ато этилган неъматни кўра олмаслиги, унга ҳасад билан қараши ва ҳатто бундай неъмат умуман ҳеч кимда насиб этмаслигини тилашидир. Бошқадаги ризқ, бойлик, илм ёки обрўни кўролмаслик, унинг камайиши ё буткул йўқолишини хоҳлаш бошқаларнинг яхши амалини тўсиш, одамларни саховатдан қайтариш демакдир. Масалан, кимдир муҳтожларга ёрдам бераётганини кўриб, “бермаса ҳам бўларди” деб норози бўлиш, бировнинг муваффақиятини кўриб, хурсанд бўлиш ўрнига ичидан ранжиш яхшилик қилаётган одамни тўхтатишга уринишдир.
Бундай ҳолат оддий бахилликдан оғирроқ, чунки инсон нафақат ўзи яхшилик қилмагани устига бошқаларнинг ҳам саховатига қарши турмоқчи бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сахий инсон Аллоҳга яқин, жаннатга яқин, одамларга яқин ва дўзахдан узоқдир. Бахил эса Аллоҳдан узоқ, жаннатдан узоқ, одамлардан узоқ ва дўзахга яқиндир. Албатта, саховатли жоҳил Аллоҳ таолога бахил обиддан кўра суюклироқдир”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).
Бу ҳадисдан маълум бўладики, мол-мулкидан яқинлари ва муҳтожларга ёрдам берадиган инсон Аллоҳнинг раҳматига яқин бўлади. У одамларнинг меҳр-муҳаббатига сазовор бўлиб, дўзахга элтувчи амаллардан узоқ юради. Аксинча, бахил инсон Аллоҳнинг буйруқларини тарк этиб, Ундан ҳам, одамлардан ҳам узоқлашади ва охир-оқибат дўзах йўлига тушади.
Бинобарин, саховатли бўлиш, Аллоҳ таолонинг Раззоқ сифатини доим ёдда тутиб, ато этган неъматларидан бошқаларга ҳам улашиш инсонни бахт ва саодатга элтувчи муҳим омиллардан биридир.
Баҳодир МИРЗАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





