Жазоирда ўтаётган XII Халқаро сўфийлик тароналари маданий фестивали ва халқаро илмий симпозиум доирасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази делегацияси хорижлик олимлар ва илмий доиралар вакиллари билан қатор учрашув ва мулоқотлар ўтказмоқда.
Анжуманнинг шўъба мажлислари ва бошқа тадбирлари асносида Италиянинг Неапол университети ректори Роберто Тоттоли, ироқлик таниқли ёзувчи ва журналист Аҳмад Жасим Зубайдий ҳамда туркиялик таниқли манбашунос олим Бакир Шаҳин каби қатор давлатлардан келган нуфузли исломшунослар ва профессор-тадқиқотчилар билан илмий мулоқотлар ташкил этилди. Мулоқотлар давомида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан хориждаги турдош муассасалар ўртасида илмий алоқаларни ривожлантириш истиқболлари, ислом цивилизацияси тарихи ва манбашунослик йўналишида ўзаро тажриба алмашиш имкониятлари хусусида фикрлашилди. Хорижлик мутахассислар Марказ томонидан амалга оширилаётган илмий лойиҳалар мазмуни билан яқиндан таништирилди.
Шунингдек, Марказ вакиллари фестиваль доирасида Ағвот шаҳридаги Ислом илмлари ва цивилизациясини тадқиқ қилиш марказида ташкил этилган махсус халқаро кўргазмада иштирок этди. Бу форумда Жазоир ва умуман араб дунёсига хос бўлган қадимий нодир қўлёзмалар, тарихий манбалар ва хаттотлик санъати (каллиграфия) намуналари намойиш этилди. Марказ олимлари кўргазма экспонатлари билан яқиндан танишиб, қўлёзмаларни асраш, рақамлаштириш, уларнинг кодикологик хусусиятларини ўрганиш бўйича жазоирлик мутахассислар билан ўзаро тажриба алмашди.
Марказ олимларининг Жазоирга илмий сафари давом этмоқда.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





