Жазоирда ўтаётган XII Халқаро сўфийлик тароналари маданий фестивали ва халқаро илмий симпозиум доирасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг Зиёрат туризмини ривожлантириш илмий бўлими бошлиғи Ш.Умаров Жазоир марказий телевидениесининг “Жазоир меҳмони” номли дастури учун махсус интервью берди. Унда Марказ вакили Ўзбекистон билан Жазоир ўртасидаги маданий-маърифий алоқалар, хусусан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Ағвот шаҳридаги Ислом илмлари ва цивилизациясини тадқиқ қилиш маркази ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик жараёнларига тўхталди. Айниқса, яқинда Жазоир делегациясининг Ўзбекистонга, кўп ўтмай ўзбекистонлик олимларнинг Авқотга ташрифлари икки томонлама муносабатлар изчил ривожланаётганининг амалий ифодаси экани қайд этилди.

Ш.Умаров бу галги анжуманнинг аввалги йиллардаги тадбирлардан асосий фарқи – унда бадиий-маданий жиҳатлар билан бир қаторда илмий йўналишга, тасаввуф таълимотининг илмий нуқтаи назардан тадқиқ этилишига катта эътибор қаратилганида эканини алоҳида таъкидлади.

Кўрсатувда Ўзбекистон делегацияси аъзоси Раҳматуллоҳ Сайфутдинов ҳам қатнашиб, тасаввуф таълимотининг асл инсонпарварлик моҳияти, тариқат фалсафасининг жамиятда тинчлик, бағрикенглик ва юксак ахлоқни қарор топтиришдаги аҳамияти хусусида ўз мулоҳазаларини баён этди.
Суҳбатда Ўзбекистон ва Жазоир тарихининг муштарак жиҳатлари, йигирмадан ортиқ мамлакатдан келган ҳадис ва тасаввуф олимларининг бир майдонда тўпланиши халқаро илмий мулоқот учун кенг имконият яратгани эътироф этилди.
Махсус телекўрсатув яқин кунларда Жазоир марказий телевидениеси орқали эфирга узатилиши режалаштирилган.
Жазоир сафари давом этмоқда.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Imom Buxoriy xalqaro ilmiy-tadqiqot markazi bukhari.uz





